Қонунчилик палатасидаги Экологик партия фракцияси депутатлари Вазирлар Маҳкамаси, бош прокурор, энергетика вазири ва экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирига депутат сўрови юборди, деб хабар қилди партия матбуот хизмати.

Сўровда «Тошкент ИЭС» АЖ томонидан атмосферага ташланадиган ташланмаларнинг йўл қўйиладиган доирадаги меъёрларига риоя этишда қонун талабларига риоя қилинганлик ҳолати ҳамда ушбу ташкилот раҳбарияти ҳаракатларининг қонунийлигини текшириш назарда тутилган.

Экопартия, шунингдек, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Бош прокуратура вакиллари ҳамда Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутатлари иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, ИЭСда ўрганиш ишлари олиб борилгани ҳақида хабар берди.

ҳавонинг ифлосланиши, тошкент иссиқлик электр станцияси, экопартия

Ўрганиш давомида «Тошкент ИЭС» акциядорлик жамиятида электр энергияси ва иссиқлик энергияси узилишларини олдини олиш мақсадида мазут ёқилғисидан фойдаланилаётгани маълум бўлди. Шунингдек, электр ишлаб чиқариш бўйича мавжуд ускуналарнинг маънан эскиргани, атмосфера ҳавосига зарарли моддаларнинг ажралиб чиқишини олдини олишга хизмат қиладиган технологияларга зарурат борлиги ҳам аниқланди, дейилади хабарда.

Мазкур ҳолатдан келиб чиқиб ишчи гуруҳ томонидан қуйидаги тавсиялар берилди:

  • корхонада атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ташламалардан намуналар олиш ва таҳлил қилиш учун автоматик тизимларни жорий қилиш;
  • станциядаги қувурларга атмосфера ҳавосини ифлослантирувчи моддаларни камайтирувчи фильтрлар ўрнатиш;
  • атмосфера ҳавосининг ифлосланиш даражасини аниқлаш учун стационар кузатув постларини ўрнатиш;
  • станциядаги нефть маҳсулотлари билан ифлосланган сувларни бирламчи тозалаш ҳовузи маънан эскиргани сабабли капитал таъмирлаш ишларини олиб бориш.

ҳавонинг ифлосланиши, тошкент иссиқлик электр станцияси, экопартия

Экопартия Энергетика вазирлигига ушбу таклиф ва тавсияларни Тошкент иссиқлик электр станцияси ишлаб чиқариш жараёнига татбиқ этиш чораларини кўришни сўраб мурожаат қилди.

Эслатиб ўтамиз, январь ойида Экология вазирлиги Тошкент ИЭСда ҳаво ва тупроққа чиқаётган зарарли чиқиндилар таҳлил қилганди. Белгиланган зарар 1 миллиард сўмга баҳоланган.

Ўз навбатида, Энергетика вазирлиги иссиқлик станциялари ва иссиқлик марказлари мазутдан фойдаланишининг Тошкентдаги ҳаво ифлосланиши билан боғлиқлигини рад этган. Вазирлик Тошкент ИЭСда (ТошГРЭС) белгиланган техник кўрсаткичларга мос келадиган фильтрлар ўрнатилганини маълум қилган.