Мавлуда Аминжановна Юсупова Самарқанддаги «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги «Ипак йўли» халқаро илмий-тадқиқот институти директори лавозимига тайинланди. Бу ҳақда Туризм қўмитаси матбуот хизмати хабар берди.

Мавлуда Юсупова 1957 йил 7 майда Тошкент вилоятининг Чиноз шаҳрида туғилган. Тошкент политехника институтини ва Санъатшунослик институти аспирантурасини тамомлаган. Меъморчилик фанлари доктори, профессор.

Ўтган йиллар давомида Меъморий обидаларни таъмирлаш институтида катта архитектор, Санъатшунослик институтида кичик илмий ходим, илмий ишлар бўйича директор муовини ва ушбу институт директори лавозимларида ишлаган.

Тайинловга қадар Санъатшунослик институтининг «Меъморчилик» бўлими мудири лавозимида ишлаб келган.

«Газетa.uz» нашри Мавлуда Юсупованинг Ўзбекистондаги архитектура ёдгорликлари ва реставрация ишларининг аҳволи ҳақида «Меъморий меросни бузишни тўхтатиш» номли мақоласи ҳамда фандаги плагиат ҳақидаги рукнини эълон қилганди.

Президентнинг 2018 йилдаги қарорига мувофиқ халқаро туризм соҳасида кадрлар тайёрлаш учун «Ипак йўли» халқаро туризм университети очилган эди. 2021 йилда давлат раҳбари университетни «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университетига айлантириш тўғрисидаги қарорни имзолаган.