«Ипак йўли» туризм халқаро университети «Ипак йўли» туризмва маданий мерос халқаро университети этиб қайта номланади. Ўзбекистон президентининг 30 октябрдаги қарорида бу ҳақда сўз боради.

Шунингдек, «Ипак йўли» туризм ва маданий мерос халқаро университети Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг туризм, маданий меросни бошқариш ва музейшунослик соҳаларида кадрлар тайёрловчи таянч олий таълим муассасаси ҳамда ушбу соҳаларни илмий ва инновацион тадқиқ этиш бўйича илмий муассасага айлантирилади.

2022/2023 ўқув йилидан бошлаб Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва сервис коллежлари негизида олий таълим тизими билан интеграциялашган таълим дастурлари асосида кадрлар тайёрлайдиган Шаҳрисабз, Марғилон ва Хива туризм ва маданий мерос техникумлари ташкил этилади.

Ушбу техникумлар, шунингдек, Туризмни ривожлантириш институти, Андижон, Зомин ва Бўстонлиқ туризм ва сервис коллежлариҳамда Тошкент туризм ва бизнес коллежини Туризм ва спорт вазирлиги тузилмасиданУниверситет тузилмасига ўтказилади.

Тошкент туризм ва сервис коллежи негизида университетнинг Тошкент филиали ташкил этилади.

Университет ҳузурида «Ипак йўли» халқаро тадқиқот институти, «Ипак йўли» музейи, «Ипак йўли» арт-резиденцияси, «Ипак йўли» санъат галереяси ҳамда Реставраторларни қайта ўқитиш ва малакасини ошириш маркази фаолияти ташкил этилади.

«Эл-юрт умиди» жамғармасининг 2022−2026 йилларда хориждаги нуфузли таълим муассасаларида туризм, маданий мерос ва музейшунослик йўналишларида докторантура (PhD) ва магистратурада ўқитиш дастури жорий қилинади. Дастур доирасида 50 нафар иқтидорли мутахассислар, шу жумладан уларнинг 40 нафари магистратура босқичида ва 10 нафари докторантура (PhD) босқичида ўқитилади.

Дастур доирасида хорижий таълим ва илмий муассасаларда таҳсил олиб, магистратура ва докторантурани битириб қайтган мутахассисларга Туризм ва спорт вазирлигининг йўлланмаси асосида таълим муассасалари ҳамда маданий мерос ва музейшунослик соҳаларидаги ташкилотларда камида 5 йил давомида узлуксиз фаолият олиб бориш ёки хорижда таълим олиш харажатларини 12 ой давомида икки баравар миқдорда «Эл-юрт умиди» жамғармасига қайтариш мажбурияти юкланади.