Компьютеримда анчадан бери менинг тадқиқотларим, ўзим тўплаган нодир материаллар устидаги таҳлилларим, таклифларим ва эксклюзив муаллифлик иллюстратив суратларим (улар орасида республиканинг тадқиқотчилар камдан-кам қадам ранжида қиладиган олис бурчакларида олинган фотосуратлар ҳам бор) асосида плагиатчи «олимлар» томонидан тайёрланган илмий ишларнинг кўп сонли мисоллари сақланадиган «Мендан ўғирлаётган плагиатчилар» номли папка бор.

Назаримда, деярли ҳар бир меҳнаткаш, чин олимда уни ранжитадиган мана шундай плагиат далиллари бор ва у бу далилларга ғазаб билан қўл силтайди. Шахсан ўзим ҳам ҳаддан ташқари бандлигим, кўп сонли илмий ва касбга оид хизмат сафарлари туфайли бу ҳақда ёзишга қўлим тегмасди — бу шармандагарчиликка муносабат билдиришга ҳеч фурсат бўлмаётган эди. Сабаблар ҳам, дейлик, охирги иккита ҳолат каби кўз юмиб бўлмас даражада эмасди.

2023 йил июнь ойида Тошкент Архитектура-қурилиш университетида ўтказилган халқаро конференция материаллари асосида чоп этилган мақолалар тўпламига киритилган университет доценти, архитектура фанлари номзоди Лобар Ўлмасовна Расул-Заденинг «Тарихий муҳитда бино ва иншоотлар қурилиши муаммолари» мақоласида менинг мақоламдан кетма-кет 7 та саҳифанинг 3 таси муаллифга ҳавола кўрсатилмаган ҳолда, юмшоқ қилиб айтганда, сўзма-сўз ўзлаштирилганини аниқландим.

Бунда гап 2018 йил 19 март куни «Газета.uz»да рус тилида эълон қилинган «Меъморий меросни бузишни тўхтатиш» сарлавҳали мақолам ҳақида бормоқда. Ўша пайтда ниҳоятда долзарб бўлган мақола жамиятда катта резонансга сабаб бўлган, уни сайтнинг ўзида 37 мингдан ортиқ кўришган, муштарийларнинг 25 нафари залворли изоҳлар қолдирганди. Шунингдек, ижтимоий тармоқларда ҳам кўп кўрилиб, қизғин муҳокамалар келтириб чиқарганди.

Кейинроқ ўзим ҳам, реставрация масалаларига бағишланган бир қатор академик илмий ишларимда материалларимдан фойдаланар эканман, мазкур мақола ва интернет-нашрга ҳаволалар берганман. Зотан буни илмий этика талаб қилади.

Ахир қандай қилиб имзо қўйилган ва Ўзбекистондан ташқарида ҳам таниқли ҳисобланган «Газета.uz»нинг логотипи туширилган муаллифлик фотосуратларига эга мақоладан уч саҳифа матнни ўғирлаб, буни ҳеч ким сезмайди, деб ўйлаш мумкин?!

Мақоланинг оригинали (чапда) ва ўғирланган матн. PDF форматда тўлақонли кўриш мумкин.Мақоланинг оригинали (чапда) ва ўғирланган матн. PDF форматда тўлақонли кўриш мумкин.

Фотосуратлар остидаги тагсўзларда ва мақола охирида «Суратлар муаллифи Мавлуда Юсупова» деб ёзилган (ва суратлар олинган вақт кўрсатилган) бўлса-да, «архитектура фанлари номзоди» ушбу тадқиқотнинг ҳақиқий муаллифи ҳамда унинг матни ва эксклюзив суратларини илк бор чоп этган интернет-нашрга манба кўрсатмай, ярим мақолани ўз фамилияси билан тақдим қилган.

Қани энди шугина бўлса! 2023 йил сентябрида Central Asian Journal of Social Sciences and History [Volume: 03 Issue: 10 | Oct 2022 (ISSN: 2660−6836)] журналида учта бир хил фамилия остида (Фарғона политехника институти катта илмий ходими, фан номзоди (PhD) Б.К. Рахмонов, Фарғона политехника институти магистрлари О.А. Рахманова ва Б.Б. Рахманов; катта эҳтимол билан, улар ўзаро қариндош) эълон қилинган «Ўзбекистон меъморий меросини қайта тиклаш» сарлавҳали мақолани (1, 2) кўриб қолдим. Бу материал тўлиғича (!) менинг 2018 йилги юқорида эслаб ўтилган мақоламдан ўғирланган матн ва расмлардан иборат эди.

Бировнинг мақоласини ўз номидан илмий журналда чоп эттириб, сўнг уни Academia.edu каби нуфузли халқаро илмий ҳамжамиятнинг ижтимоий тармоғига жойлаштириш учун инсон қанчалар сурбет ва ақлан заиф бўлиши керак?!

Материални тайёрлаш учун фойдаланилган адабиётлар рўйхатида бу учовлон менинг мақоламга ҳам йўл-йўлакай ҳавола берган, бироқ рўйхатда яна 14 та бошқа муаллифнинг ишлари санаб ўтилган ҳамда кўрсатилган ишларга мутлақо мос келмаган ҳолда уларга чексиз ҳавола берилган, иқтибослар келтирилган (афтидан, улар шу йўл билан ўз таниш-билишларининг иқтибос индексини оширишга уринган).

Айни вақтда, ушбу 14 муаллиф ишларининг номлари сохта олим, фан номзоди (PhD) Рахманов ва унинг «ҳаммуаллифлари» томонидан тайёрланган «мақола» мавзусига мутлақо мос келмайди — бу муаллифларнинг на улар номидан келтирилган иқтибосларга, на ўғирланган матнга алоқаси бор. Кўрсатилган ишларнинг 10 таси… синтетик тасмаларга бағишланган бўлса, яна нима ҳам дейиш мумкин!

Мақоланинг оригинали (чапда) ва ўғирланган матн. PDF форматда тўлақонли кўриш мумкин.Мақоланинг оригинали (чапда) ва ўғирланган матн. PDF форматда тўлақонли кўриш мумкин.

Рахмановлар менинг тадқиқотимни ўғирлаш билангина кифояланиб қолмай, ундан келтирилган иқтибосларни яна 14 нафар, уларнинг таъбири билан айтганда, «муаллиф»ларга сахийлик билан улашган. Тўлиғича ўғирланган мақолани тап-тортмай, бирорта ҳам вергулини ўзгартирмай уч кишининг номидан, ҳақиқий муаллифнинг фамилиясини номигагина қайд этиб, иқтибослар муаллифлигини бошқаларга сахийлик билан улашган ҳолда чоп этиш — буниси энди қип-қизил талончилик!

Ўзбекистонда илмий ишларини ҳимоя қилган ва ҳимояга ҳозирлик кўраётган айрим сохта фан номзодлари (PhD) ва фан докторлари (DSc) ана шундай қалбаки «мақола»ларни тайёрлаш ҳамда бир вақтнинг ўзида бошқа муаллифларнинг иқтибос индексини ошириш бўйича бутун бошли фирибгарлик синдикатларини тузгани (ёки мавжудларининг хизматларидан фойдалангани) ҳақидаги гап-сўзлар аввалроқ қулоғимга чалинганди. Улар томонидан ишлаб чиқилган фирибгарлик схемаларига кўра, тўлалигича ўғирланган ёки бошқа бир неча ишнинг айрим қисмларидан жамланган, илмий асарга тақлидан шакллантирилган (расмийлаштирилган илмий манбаларга эга, 15 ёки ундан ортиқ муаллифга ҳаволалар кўрсатилган) «янги» қалбаки мақола яратилади. Айни вақтда, мақолаларнинг ҳақиқий муаллифлари ёки ўзлаштирилган материалларнинг эгалари ўз илмий ишларининг номаълум эгизаклари пайдо бўлиб, «болалаб» кетаётганидан мутлақо бехабар қолади.

Ҳар қандай муносиб илмий тадқиқот матни унинг муаллифидан махсус билим ва профессионал таҳлилни, менинг вазиятимда эса — республика реставрация соҳасидаги ўша даврга оид аҳволдан бохабарликни, шахсий тажриба ва кўп йиллик дала тадқиқотларини, яъни объектларни реконструкция қилиш, бузиш ва реставрация қилиш вақтида муаллифнинг эксперт сифатидаги шахсан иштироки, ЮНЕСКО ва ИКОМОС томонидан реставрацияга қўйиладиган халқаро қоида ва талабларни чуқур билишини талаб қилади.

Мақолам эълон қилинганига беш йил бўлди ва соҳадаги вазият ўзгарди. Масалан, Бухородаги Абдулазизхон мадрасасининг вайрон бўлган қисми дурустгина реставрация қилинди ва ҳоказо. Ўз-ўзидан, плагиатчилар томонидан ўзлаштирилган маълумотлар энди у қадар долзарб эмас, айрим омиллар бартараф этилган ва энди мавжуд ҳам эмас.

Ҳозир реставрация соҳасида муҳокама ва таҳлилни талаб қиладиган янги жиҳатлар ва масалалар пайдо бўлган — Худо урган бояги «олимлар» мана шулар ҳақида ёзиши керак эди. Бироқ бунинг учун, юқорида таъкидланганидек, махсус билим, ўз устида ишлаш, ўз соҳасига оид маҳаллий ва халқаро даражадаги ишланмалардан хабардор бўлиш учун ўз касбий савиясини ошириш ва мунтазам дала тадқиқотларини ўтказиш талаб этилади.

Мен фақатгина битта мақоламга тааллуқли мутлақ плагиатнинг иккита кўз юмиб бўлмас мисолини келтирдим, холос. Ўғриланганидан ҳақиқий эгалари бехабар ҳолда яна қанчадан-қанча виждонсиз плагиат маҳсули бўлган мақолалар интернетда айланаётган ёки, баъзи бировларнинг таъбири билан айтганда, «илмий иш»лар, псевдо-олимларнинг номзодлик ва докторлик диссертациялари ичида яшириниб ётган бўлса? Интеллектуал мулк ўғрилари бу қилмишлари чинакам ўғрилик саналишини, бунинг учун Яратганннинг олдида ҳам жавоб беришларини, плагиат орқали топилган луқма ҳаром эканлигини билмасмикан?

Бошқа муаллифга тегишли материал 7 саҳифасининг 3 тасидан (Л. Расул-Заденинг материалида) ва деярли барча 7 саҳифасидан (Б.K., O.A. ва B.B. Раҳмоновларнинг «мақоласи»да) ҳақиқий муаллиф ва нашрга манба кўрсатмай фойдаланиш ёки ўзи ўғрилаб, бошқаларга ҳам улашиш — Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда олимнинг, шунингдек, мақолани биринчи бўлиб эълон қилган «Газета.uz» нашри муаллифлик ҳуқуқларининг қўпол равишда бузилишидир.

Ҳеч қандай жазога тортилмаслиги ортидан сўнгги йилларда «гуллаб-яшнаётган» плагиаторчилик Ўзбекистон илм-фанининг нуфузи ва обрўсига маҳаллий ва халқаро миқёсда катта путур етказмоқда.

Минтақанинг номлари ушбу чиқишда зикр этилган ва бошқа илмий нашрлари плагиатчи муаллифларга нисбатан тегишли чоралар кўриши ва мақолаларни чоп этишдан аввал «Антиплагиат» дастурида текширувдан ўтказиши лозим. Шунингдек, тезис ва мақолаларни қабул қилиб олаётган конференция ташкилотчилари ҳам уларни «Антиплагиат» дастурида текшириб олса ва иштирокчилардан илмий этикага риоя этишни талаб қилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

Масалан, Қозоғистоннинг Бош архитектура-қурилиш академияси (ҚБАҚА) ва бошқа илмий-ўқув муассасаларида талабаларнинг ҳатто курс ишлари ҳам «Антиплагиат»дан ўтказилади — диплом, мақола ва диссертациялар ҳақида-ку гапиришга ҳам ҳожат йўқ.

Қисқа фурсатда — уч йилда ҳимоя қилинадиган, псевдо-олим ҳисобланган муаллифларига PhD ва DSc дипломлари берилиши учунгина хизмат қиладиган ўнлаб псевдо-диссертациялар Ўзбекистонга керакми? Бу одамлар Ўзбекистон илм-фани ва таълимига қандай наф келтиради? Ҳаммага маълум ҳақиқат шуки, миллат ва жамиятни тиз чўктириш учун бор-йўғи бир нарса — таълим даражаси (мактабдан тортиб таълимнинг барча босқичлари ва фан соҳаларигача) пасайтирилса кифоя.

Ўзбекистонда таълим ва илм-фаннинг мамлакат тараққиётидаги аҳамиятини инобатга олган ҳолда, президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ушбу соҳани ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратилган, олимлар, айниқса, ёш тадқиқотчилар ҳар томонлама, хусусан, моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланмоқда. Наҳот олимларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликка мамлакат илм-фанини уятга қўядиган, унинг таҳқирланиши ва таназзулига сабаб бўладиган илмий «ютуқлар» билан жавоб берилса?

Муаллиф ҳақида: Мавлуда Аббосова-Юсупова (Юсупова) — профессор, меъморчилик фанлари доктори, Ўзбекистон Фанлар академияси Санъатшунослик институти архитектура бўлими мудири. Шарқ мамлакатлари Халқаро архитектура академиясининг мухбир-аъзоси, ИКОМОС аъзоси. 1979−1986 йилларда меъморий ёдгорликларни тиклаш бўйича Ўзбекистон реставрация илмий тадқиқот лойиҳа институтида амалиётчи архитектор-реставратор бўлиб фаолият юритган. Докторлик (DSc) диссертацияси (2000 йилда Москва архитектура институтида ҳимоя қилинган) XV-XVII асрлар Бухоро меъморчилик мактабининг ўзига хос хусусиятлари ва тадрижий ривожланишига бағишланган. 250 дан ортиқ, жумладан, хорижда чоп этилган илмий ишлар муаллифи. Ташриф буюрувчи профессор (Visiting-professor) сифатида Германия, Қозоғистон, Голландия ва АҚШ университетларида Ўзбекистон меъморий мероси ва уни сақлашга оид маърузалар ўқиган. Мазкур меросни ўрганиш ва сақлаш бўйича хорижий илмий ва таълим марказлари билан халқаро илмий-тадқиқот лойиҳалари доирасида ҳамкорлик қилади.