2024 йил охирига қадар Тошкент, Нукус шаҳарлари ва Ўзбекистоннинг барча вилоят марказларида талабдан келиб чиқиб, оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлари бор беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи камида битта ҳоспис ташкил этилади.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг 21 февралдаги «Ўзбекистон — 2030» стратегиясини 2024 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурини тасдиқлаган фармонида кўзда тутилган.

Ҳосписларни ташкил этиш, уларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва фаолиятига доимий кўмаклашиш лойиҳалари учун Олий Мажлис ҳузуридаги Нодавлат нотижорат ташкилотларни ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди томонидан грантлар эълон қилиб борилади.

Ҳосписларни ташкил этишга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимлари масъул этиб белгиланди.

Эслатиб ўтамиз, президент февраль ойи бошида Қарши шаҳрида 2026 йилда 50 ўринли ҳудудлараро ҳоспис очиш тўғрисида қарор имзолаганди.

Ҳозирда ҳоспислар фақат Самарқанд ва Хоразм вилоятларида мавжуд. Фарғона вилоятида ҳоспис ўз фаолиятини бошлаши керак, Тошкентда эса қурилиш ишлари давом этмоқда. «Газета.uz» мамлакатдаги онкология хизмати муаммолари, шунингдек, пойтахтда ҳоспис очилиши кечикаётгани ҳақида батафсил ёзганди (рус тилида).

2022 йилда Тошкент вилоятида мамлакатдаги биринчи Taskin болалар ҳосписи очилган.

Ўзбекистонда саратон касаллигига чалинган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида реабилитация ва паллиатив ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини, шунингдек, ҳосписларни ташкил этиш президентнинг 2017 йил баҳорида қабул қилинган қарорида назарда тутилган.