2026 йилга қадар Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида оғир гематологик, онкологик ва клиник иммунологик касалликлар билан хасталанган беморларга паллиатив ёрдам кўрсатувчи 50 ўринли ҳудудлараро ҳоспис очилади. Бу президентнинг 9 февралдаги қарорида кўзда тутилган.

Ҳоспис Қашқадарё вилояти соғлиқни сақлаш тизимидаги ташкилотларнинг мавжуд қувватлари доирасида ташкил этилади. Уни қуриш ва сақлаш билан боғлиқ харажатлар вилоят маҳаллий бюджети ҳисобидан, зарур тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Тиббиётни ривожлантириш давлат мақсадли жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.

Ҳоспис фаолиятини ташкил этиш ва уни сақлаш билан боғлиқ масалалар Самарқанд, Хоразм ва Фарғона вилоятлари, шунингдек, Тошкент шаҳридаги ҳудудлараро ҳоспислар учун белгиланган тартибда амалга оширилади, дейилади ҳужжатда.

Ўзбекистонда онкологик касалликларга чалинган беморларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш мақсадида реабилитация ва паллиатив ёрдам кўрсатишнинг замонавий тизимини, шунингдек, ҳоспислар ташкил этиш президентнинг 2017 йил баҳорида қабул қилинган қарорида назарда тутилган эди.

Аввалроқ «Газета.uz» республикада онкология хизмати муаммолари, шунингдек, Тошкентда ҳоспис очилиши кечикаётгани ҳақида батафсил ёзганди (мақола рус тилида — таҳр.).

2022 йилда Тошкент вилоятида Ўзбекистондаги биринчи «Таскин» болалар ҳосписи очилган.