2024 йилнинг 20 февраль куни Ўзбекистон Бадиий академияси раиси Акмал Нуридинов Ваҳобжоновични «Чиқаётган қуёш катта кордон» билан тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси хабар қилди.

Маросимда Япониянинг Ўзбекистондаги элчиси Хатори Такаши Нуридиновни мукофоти билан табриклаб, унинг эришган ютуқларини юқори баҳолади ҳамда ўтган йиллар давомида Ўзбекистонда япон маданиятини оммалаштириш ва икки мамлакат ўртасидаги маданий алоқаларни ривожлантиришга қўшган салмоқли ҳиссаси учун миннатдорлик билдирди.

Маросим давомида мухтор элчи Акмал Нурга фахрий ёрлиқ ва мукофотни топширди.

акмал нур, чиқаётган қуёш ордени, япония

«Япония элчихонаси жаноб Нуридиновга Япония-Ўзбекистон муносабатларини маданий соҳада чуқурлаштиришга қўшган кўп йиллик ҳиссаси ва ҳамкорлиги учун яна бир бор миннатдорчилик билдиради ва уни мукофоти билан самимий табриклайди», — дейилади элчихона хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Акмал Нурни ушбу орден билан 2023 йилнинг ноябрь ойида Япония императори Нарухито фармони билан тақдирланганди.

Япония ҳукумати илгари ҳам Ўзбекистоннинг бир қатор фуқаролари ва Ўзбекистонга алоқадор шахсларни ҳам император орденлари билан тақдирлаган:

  • «Чиқаётган қуёш катта кордон» — Ўзбекистон собиқ ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов;
  • «Чиқаётган қуёш катта кордон» — (2022 йилда тақдим этилган вақтда) бош вазир ўринбосари, Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов (ҳозирги Экология вазири);
  • «Чиқаётган қуёш катта кордон» — Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев;
  • «Қуёш ордени, олтин ва кумуш нурлар» — Япония интернирланганлар музейи директори Жалил Султонов;
  • «Қуёш ордени, кумуш нурлар» — Тошкент шаҳридаги «Фозил-Ота» Япония фуқаролари қабристонининг қоровули Мироқил Фозилов;
  • «Қуёш, олтин ва кумуш юлдуз» ордени — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Япония билан ҳамкорлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Мирсобит Очилов (2020 йилда вафот этган);
  • «Олтин нурли, тасмадаги розетли муқаддас хазина» ордени — Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб борган Япония Миллий этнография музейи фахрий профессори Кюдзо Като (2016 йилда Термизда вафот этган).