3 ноябрь куни Япония ҳукумати 2021 йил кузида Император ордени билан тақдирланган хорижликлар рўйхатини эълон қилди. Рўйхатдан Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам бор. У Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги икки томонлама алоқаларни чуқурлаштириш ва дўстона муносабатларни ривожлантириш йўлидаги кўп йиллик хизматлари учун «Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» ордени билан тақдирланган. Бу ҳақда Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

«Кўтарилаётган қуёш ордени катта тасмаси» Япониянинг энг юқори ордени бўлиб, у билан фақат юқори натижаларга эришган шахслар тақдирланади ва Ўзбекистонда биринчи марта берилмоқда. Бу Япониянинг 1875 йилдан бери берилган энг қадимги ордени. У олти даражага эга.

«Содиқ Сафоев Япония ва Марказий Осиё ўртасидаги муҳим платформа бўлган „Марказий Осиё+Япония“ мулоқоти очилиши чоғида ташқи ишлар вазири бўлиб ишлаган ва кўп йиллар давомида Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамлашга, жумладан, ушбу мулоқотни ривожлантиришга ҳисса қўшган», — дейилади элчихона хабарида.

«Олий Мажлис — Япония парламенти» парламентлараро гуруҳининг собиқ раиси сифатида икки давлат ўртасидаги парламент алмашинувини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшган, дейилади хабарда.

«Шундай қилиб, унинг икки давлат ўртасидаги муносабатлар ва дўстликни мустаҳкамлаш борасидаги ютуқларини ниҳоятда муҳим деб аташ мумкин», — дейилади элчихона хабарида.