9 ноябрь куни Япония императори Ўзбекистон Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовни «Чиқаётган қуёш катта кордон» ордени билан мукофотлади. Бу ҳақда 22 ноябрь куни вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Орденни Япония императори Нарухито бош вазир Фумио Кишидо иштирокида топширди. Орден Япониядаги энг қадимги (1875 йилдан бери берилади) ва мамлакатнинг энг олий мукофоти ҳисобланади. У олти даражага эга (катта лентадаги орден — энг юқори даража).

Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати ноябрь ойи бошида берган хабарига кўра, Япония ҳукумати «Япония ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлашга қўшган кўп йиллик ҳиссаси»ни эътироф этиб, 3 ноябрь куни Азиз Абдуҳакимовни орден билан тақдирлашга қарор қилган.

Бир йил муқаддам Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев «Катта лентадаги Қуёш чиқиши» ордени билан тақдирланганди. У Ўзбекистоннинг бундай даражадаги орденли биринчи вакили бўлди.

Илгари Япония ҳукумати Ўзбекистоннинг бир қатор фуқаролари ва Ўзбекистонга алоқадор шахсларни ҳам император орденлари билан тақдирлаган:

  • «Чиқаётган қуёш, олтин ва кумуш нурлар ордени» — Япония интернирланганлар музейи директори Жалил Султонов;
  • «Чиқаётган қуёш, кумуш нурлар» ордени — Тошкент шаҳридаги «Фозил-ота» Япония фуқаролари қабристонининг қоровули Мироқил Фозилова;
  • «Қуёш, олтин ва кумуш юлдуз» ордени — Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг Япония билан ҳамкорлик бўйича собиқ маслаҳатчиси, Ўзбекистоннинг Япониядаги собиқ элчиси Мирсобит Очилов (2020 йилда вафот этган);
  • «Олтин нурли, тасмада розетли муқаддас хазина ордени» — Ўзбекистонда археологик тадқиқотлар олиб борган Япония миллий этнография музейи фахрий профессори Кюдзо Като (2016 йилда Термизда вафот этган).