Тошкентнинг Яккасарой туманидаги «Фозил ота» қабристони қаровчиси Мироқил Фозилов «Кўтарилаётган қуёш, кумуш нурлар» императорлик ордени билан тақдирланди. Япония ҳукумати уни Ўзбекистонда асирга олинган япон фуқаролари тарихини сақлаш ва япон фуқаролари қабристонини назорат қилишдаги хизматлари учун мукофотлади, дея хабар қилди Япониянинг Тошкентдаги элчихонаси.

75 ёшли Мироқил Фозилов 40 йил давомида қабристонидаги япон фуқаролари қабрларига қараш ва ободонлаштириш билан шуғулланиб келди. Унинг отаси ҳам 60 йил мобайнида шу иш билан машғул бўлганди. Бундан хабар топган Ўзбекистон Биринчи Президенти Ислом Каримов қабристонни унинг шарафига «Фозил ота» деб қайта номлашга кўрсатма берганди.

2015 йил октябрида Япония бош вазири Синдзо Абэ Ўзбекистонга расмий ташриф билан келганида япон фуқароларининг қабристони аҳволидан ижобий таассуротлар билан қайтган эди. Элчихонанинг қайд этишича, Мироқил Фозиловнинг саъй-ҳаракатлари икки давлат ўртасидаги ўзаро ишонч ва дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

1875 йилда таъсис этилган «Кўтарилаётган қуёш, кумуш нурлар ордени» Япониянинг биринчи ордени бўлиб, олтита даражага эга.