Ўзбекистонда нақд пулдан фойдаланишни қисқартириш ва бир қатор товарлар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда 13 февраль куни президентга тақдим этилган тақдимотда сўз боради. «Газета.uz» у билан танишиб чиқди.

Солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш мақсадида «Электрон тўлов тизимлари хизматларидан фойдаланишни кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда.

1 апрелдан бошлаб қуйидаги ташкилотларни электрон тўлов тизимларига мажбурий тартибда улаш орқали нақдсиз тўлов-тизимига ўтказиш таклиф этилмоқда:

  • аҳолига хизмат кўрсатувчи бюджет ташкилотлари;
  • нефть ва газ маҳсулотлари реализация қилувчи юридик шахслар;
  • мулкни ижарага бериш билан шуғулланувчи юридик шахслар;
  • уй-жойларни жисмоний шахсларга сотувчи қурилиш ташкилотлари. Хонадонлар учун тўловларни нақдсиз шаклда электрон ҳисоб-фактура орқали амалга ошириш режалаштирилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда чакана ва улгуржи савдонинг янги қоидаларини тасдиқлаш режалаштирилмоқда.

1 апрелдан бошлаб нақд пулга сотиб олинган товарларни Солиқ қўмитасининг E-Ombor (E-Aktiv) тизими орқали кирим қилишни жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, нақд пулда тўловларни амалга ошириш учун 100 миллион сўм (БҲМнинг 300 баравари) чегаравий миқдорни белгилаш режалаштирилган.

Қурилиш учун ёғоч, металл (тунука, арматура, алюмин профиллар), автомобиль шиналари ва шакар улгуржи савдосини нақдсиз шаклга ўтказиш режалаштирилмоқда.

2023 йил декабрь ойида бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров яширин иқтисодиётга қарши курашиш мақсадида нақд пул муомаласини қисқартириш бўйича президент қарори лойиҳаси тайёрланганини маълум қилганди. Гап айрим тўловларни фақат банк карталари орқали тўлаш ҳақида бормоқда, деганди у.

Йил бошида Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда яширин иқтисодиётдан давлат бюджетига 30 триллион сўм, ялпи ички маҳсулотга 135 триллион сўм зарар етказилганини айтган эди. Деярли 11 мингта корхона (41 фоиз) ҳисоботларида фақат 1 кишини ишчи сифатида кўрсатган.

1 февралдан бошлаб Ўзбекистонда тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади, бу эса тўғри фаолият юритаётган корхоналарни рағбатлантиради ва уларни «соядан» чиқишга ундайди.