Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтингини жорий этиш бўйича қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра, 2024 йил 1 февралдан қонунчилик талабларига риоя этган ҳолда фаолият юритаётган тадбиркорларни аниқлаш ва қўшимча рағбатлантиришни назарда тутувчи Тадбиркорлик субъектларининг барқарорлик рейтинги жорий этилади. Аввалроқ рейтинг 1 мартдан бошлаб жорий этилиши хабар қилинганди.

Рейтинг доирасида тадбиркорлар қуйидаги тоифаларга ажратилади:

  • «ААА», «АА» ва «А» тоифалар — юқори барқарорлик рейтинги;
  • «ВВВ», «ВВ» ва «В» тоифалар — ўрта барқарорлик рейтинги;
  • «ССС», «СС» ва «С» тоифалар — қониқарли барқарорлик рейтинги;
  • «D» тоифа — қуйи барқарорлик рейтинги.

Рейтинг Солиқ қўмитасининг «Тадбиркорларнинг барқарорлик рейтинги» электрон платформасида идоралараро ахборот алмашинуви воситасида автоматик тарзда (онлайн) шакллантирилади ва Савдо-саноат палатасининг расмий веб-сайтида эълон қилиб борилади.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар ҳар йили 20 август — Тадбиркорлар куни арафасида тақдирлаш учун давлат мукофотлари ҳамда «Фаол тадбиркор» кўкрак нишонига тавсия этилади.

Савдо-саноат палатаси Солиқ қўмитаси, Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ва манфаатдор идоралар билан биргаликда икки ҳафта ичида рейтинг кўрсаткичлари мезонлари бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқиб, унинг солиқ тўловчилар шахсий кабинети орқали тадбиркорлик субъектларига етказилишини таъминлайди.

Юқори барқарорлик рейтингидаги тадбиркорлар учун қуйидаги рағбатлантириш чоралари жорий этилади:

  • «ААА» тоифадаги тадбиркорлар фаолиятида солиқ текширувлари ўтказилмайди, (жиноий ишлар доирасида ўтказиладиган текширувлар бундан мустасно) шунингдек, ушбу тоифадаги тадбиркорларга ҚҚС суммаси ўрнини қоплаш (қайтариш) бир кунда текширувларсиз амалга оширилади;
  • 4 ва 5-тоифадаги туманларда фаолият юритаётган «АА» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотилган давлат активлари ва қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкалари бўйича камида 15 фоиз миқдоридаги дастлабки тўлов бир йўла амалга оширилганда қолган суммага Марказий банкнинг асосий ставкаси миқдорида йиллик фоизлар ҳисобланмайди ҳамда бўлиб-бўлиб тўлаш муддати 5 йилгача узайтирилади.

«А» ва ундан юқори тоифадаги тадбиркорлик субъектларига:

  • солиқлар бўйича (ҚҚС бундан мустасно) мавжуд ортиқча тўлов суммасини қайтариш 3 кунда амалга оширилади;
  • товарларни импорт қилишда ва товарларни (хизматларни) реализация қилишда тўланадиган ҚҚС суммаларини ўзаро ҳисобга олиш тартиби татбиқ этилади.

2024 йил 1 апрелдан тадбиркорларга субсидия, имтиёз ва преференциялар уларнинг рейтинг даражасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилади.

Олий суд ўзининг ахборот тизимлари платформага интеграция қилинишини таъминлайди. Солиқ қўмитаси ва Савдо-саноат палатасига платформадан фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Савдо-саноат палатаси Солиқ қўмитаси ва Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил билан биргаликда ҳар йили рейтинг кўрсаткичлари мезонлари ва уларни баҳолаш методикасини рейтинг натижаларининг холислигини таъминлаш нуқтаи назаридан Жамоатчилик кенгаши йиғилишларида таҳлил қилиб, уларни такомиллаштириб боради.

Эслатиб ўтамиз, 15 январь куни Шавкат Мирзиёев тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишганди. Президент матбуот хизматининг мазкур тақдимот бўйича хабарида рейтинг бўйича тадбиркорлар фаолият даври, рентабеллик даражаси, тўлов интизоми, аҳоли бандлигидаги ўрни ва иш ҳақи каби 23 та мезон асосида 4 та тоифага ажратилиши айтилганди. Бу солиқ, адлия ва суд органлари маълумотлари асосида шаклланади. Ҳар бир тадбиркор ўз ўрни ва баҳосини реал вақтда билиб бориши мумкин бўлади.

Рейтинги юқори тадбиркорлар учун барча солиқ текширувлари бекор бўлади, қўшилган қиймат солиғи суммаси бир кунда ва бошқа солиқ турлари бўйича ортиқча тўлов уч кунда қайтариб берилади. Товарларни импорт қилишда ва сотишда қўшилган қиймат солиғини божхона ва солиқ органларида ўзаро ҳисобга олиш имконияти яратилади. Аукционда олинган давлат активлари ва ер участкалари қийматини бўлиб тўлаш муддати 3 йилдан 5 йилгача узайтирилади. Бунда камида 15 фоиз миқдорида дастлабки тўловни бирйўла амалга оширганда, қолган суммага йиллик фоизлар ҳисобланмайди.

«Бундай рейтинг шунинг учун ҳам муҳимки, энди тадбиркорлар фаолиятига солиқчилар эмас, электрон тизим баҳо беради. Келгусида субсидия, имтиёз ва преференциялар рейтингдан келиб чиқиб берилади. Кўрсаткичи паст бўлганлар интизомли тадбиркорлар сафига кириш ва кўпроқ имкониятга эга бўлиш учун ҳаракат қилади. Яна бир томони, бу рейтинг тадбиркорларга ўз ҳамкорлари тўғрисида ишончли маълумот берувчи ҳимоя тизимига айланади. Яъни шубҳали шартномалар ва инсофсиз рақобатга чек қўйилиб, „яширин“ иқтисодиёт қисқаради», — дейилади президент матбуот хизмати хабарида.