Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти раиси Абдураҳмон Ташановнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида Хоразмда меҳрибонлик уйи қизлари билан жинсий алоқа қилган собиқ мансабдорлар жазони ўташ учун қамоққа эмас, манзил-колонияга юборилгани, аввалроқ жамоатчиликка бошқача маълумот берилганини ёзиб пост қолдирди. Тошкент шаҳар судлари шу юзасидан тушунтириш берди.

Қайд этилишича, А.М. ва А.К. жиноят содир қилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисмида (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 3 йилгача, 128−1-моддасида (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш) 2 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган бўлиб, Жиноят кодексининг 15-моддасига кўра ҳар икки жиноят ҳам ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар таснифига кирган.

Ўзбекистон Республикасининг 2023 йил 11 апрелдаги «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни билан ушбу моддаларнинг санкцияси оғирлаштирилган бўлсада, Жиноят кодексининг 13-моддасига кўра қилмишнинг жазога сазоворлиги жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланади, шунингдек, қилмишнинг жиноийлиги ва жазога сазоворлиги ана шу қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган қонун билан белгиланиши, қилмишни жиноят деб ҳисоблайдиган, жазони кучайтирадиган ёки шахснинг ҳолатини бошқача тарзда ёмонлаштирадиган қонун орқага қайтиш кучига эга эмас.

Шу сабабли, А.М. ва А.К.га жиноят содир этилган вақтда амалда бўлган Жиноят кодексининг 128-моддаси 1-қисми ва 128−1-моддаси санкцияси доирасида жазо тайинлангани.

Бундан ташқари, Жиноят кодексининг 50-моддасида ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этганлик учун озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинаётганларга эркакларга нисбатан жазони манзил-колонияларда белгиланиши назарда тутилган.

Шу сабабли, А.М. ва А.К.га тайинланган озодликдан маҳрум этиш жазоси манзил-колонияларда ўтиши белгиланган.

«Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 3 ноябрдаги ҳукмига мувофиқ 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган А.М. ва А.К. ҳозирги кунда Самарқанд вилояти ҳудудида жойлашган манзил-колонияларда жазо муддатларини ўтаб келмоқдалар», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрь ойида жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Хоразм вилояти прокуратурасининг вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ҳамда Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ рахбарини 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жамоатчилик меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида 31 март куни чиқарилган Nemolchi.uz мақоласидан сўнг хабар топган.

Суд қарори эса Ўзбекистонда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган. Бош прокуратура жазо ўта енгил бўлганини тан олган, Хоразм вилояти прокуратураси ишни қайта кўриб чиқиш ва жазони кучайтириш мақсадида биринчи инстанция судининг қарори устидан протест келтирган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси томонидан иш қайта кўриб чиқилган. 19 июль куни иш прокурорга қайтарилган. Қўшимча тергов жараёнида улар «янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи»ни кўриб чиқишлари керак эди.

Суд ишни кўриб чиқишни бир ойга тўхтатган. Август ойининг охирида иш судга қайтарилган.

3 ноябрь куни Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган икки собиқ амалдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди. Унга кўра, собиқ мансабдорларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.