3 ноябрь куни Тошкент шаҳри судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида Урганчдаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари билан жинсий алоқада бўлган икки собиқ амалдорга нисбатан суд ҳукми ўқилди, дея хабар бермоқда Олий суд матбуот хизмати.

Суд ҳукми билан жиноят ишлари бўйича Хива туман судининг 2022 йил 6 сентябрдаги ҳукмининг Хоразм вилоятининг собиқ адлия бошқармаси бошлиғи А.М. ва Янгиариқ туманининг собиқ Фавқулотда вазиятлар бўлими бошлиғи А.Қ.га оид қисми бекор қилинди.

Улар Жиноят кодексининг олдинги таҳрирдаги 128-моддаси (Ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 1-қисми ва 128−1-моддаси (Ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлган шахсга моддий қимматликлар бериш ёхуд уни мулкий манфаатдор этиш орқали у билан жинсий алоқа қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилди.

Собиқ мансабдорларнинг ҳар бирига Жиноят кодексининг 59-моддаси (Бир неча жиноят содир этганлик учун жазо тайинлаш) тартибида узил-кесил 3 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Шу тариқа судланувчиларга нисбатан қўлланилган гаров тарзидаги эҳтиёт чораси бекор қилиниб, А.М. ва А.Қ. суд залидан қамоққа олинди.

Эслатиб ўтамиз, 2022 йилнинг сентябрь ойида жиноят ишлари бўйича Хива тумани суди Хоразм вилояти прокуратурасининг вилоят адлия бошқармаси собиқ бошлиғи ҳамда Янгиариқ тумани фавқулодда вазиятлар бўлими собиқ рахбарини 1,5 йилга озодликдан маҳрум қилган.

Жамоатчилик меҳрибонлик уйи раҳбари 3 нафар вояга етмаган тарбияланувчи қизни 10 ой давомида жинсий алоқада бўлишга мажбурлагани ҳақида 31 март куни чиқарилган Nemolchi.uz мақоласидан сўнг хабар топган.

Суд қарори эса Ўзбекистонда кенг жамоатчилик эътирозига сабаб бўлган. Бош прокуратура жазо ўта енгил бўлганини тан олган, Хоразм вилояти прокуратураси ишни қайта кўриб чиқиш ва жазони кучайтириш мақсадида биринчи инстанция судининг қарори устидан протест келтирган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳри судининг апелляция инстанцияси томонидан иш қайта кўриб чиқилган. 19 июль куни иш прокурорга қайтарилган. Қўшимча тергов жараёнида улар «янги айблов бўйича жиноят иши қўзғатиш ва бошқа шахсларни жиноий жавобгарликка тортиш масаласи»ни кўриб чиқишлари керак эди.

Суд ишни кўриб чиқишни бир ойга тўхтатган. Август ойининг охирида иш судга қайтарилган.