Шавкат Мирзиёев Андижон вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан Хонобод шаҳрида ўтказилган йиғилишда вилоятда транспорт хизматларини яхшилаш мақсадида мутасаддиларга учта топшириқ берди.

Унга кўра,

  • Хонобод — Андижон — Избоскан — Асака темирйўл айланмасида поезд қатнови йўлга қўйилади.
  • Андижон — Қўқон, Андижон — Тошкент, Андижон — Термиз ва Андижон — Қўнғирот йўналишларда поезд қатнови икки баравар кўпайтирилади.
  • Андижон — Шаҳрихон, Андижон — Асака ва Андижон — Дўстлик йўналишида автобус қатнови икки баробар оширилади.

Йиғилишда, шунингдек, вилоят жадал суръатда ривожланаётгани, саноати бўйича республикада тўртинчи ўринга кўтарилгани қайд этилди. Вилоят йилига 280 минг тонна пахта, 530 минг тонна ғалла ва 2,5 млн тонна мева-сабзавот етиштиради.

«Шу билан бирга, Андижонда ҳали ишга солинмаган имкониятлар ва салоҳият жуда катта», — дея таъкидлади президент.

Бундан ташқари, давлат раҳбари вилоятда 35 та трансформатор катта юклама билан ишлаётгани, Бўстон ва Улуғнор туманларида электр таъминотидаги узилишлар кўпайганини қайд этиб ўтди. Шу сабабдан Шаҳрихондаги подстанциядан 23 километр электр тармоғини тортиб, 2 та янги подстанция қурилади.

Шунингдек, Хитой компаниялари билан ҳамкорликда Асакада 150 мегаватт, 2025 йилда эса 100 мегаватт электр сақлаш тизимини ишга тушириш режалаштирилган, Андижон туманида жами қуввати 400 мегаватт бўлган қуёш станциялари қурилиши бошланади.

Президент икки йилда 3 та кичик ва микро ГЭС қурилишини якунлаш, ҳиндистонлик ҳамкорлар билан «Шаҳрихонсой» каналида кинетик турбинали 2 та микро ГЭСни ишга тушириш муҳимлигини таъкидлади.