16−18 февраль кунлари Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳароратининг кескин пасайиши ва жойларда ҳарорат кундузи −3…−8 даража, кечаси −11…−16 даражагача совуқ бўлиши кутилаётгани ҳақида хабар берилганди. Шу муносабат билан «Ҳудудгазтаъминот» бир қанча чоралар кўрилишини маълум қилди.

Хусусан, совуқ кунларда газ истеъмолининг ортиши муносабати билан, АГТКШларда навбатлар ва ноқулайликлар юзага келишини олдини олиш мақсадида «Ҳудудгазтаъминот» ҳайдовчилардан ўз автомобилларини ёнилғи билан таъминлаб олишларини сўради. «Айни вақтда мамлакатдаги барча АГТКШлар 24 соатлик режимда фаолият юритмоқда, бироқ яқин орада маҳаллий ҳокимликлар билан келишилган ҳолда уларнинг иш графигига ўзгартиришлар киритилиши мумкин», — дейилади хабарда.

«Ҳудудгазтаъминот», шунингдек, биринчи навбатда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларини узлуксиз табиий газ билан таъминлаш чоралари кўрилишини маълум қилди. Жамият истеъмолчиларга табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида республика бўйича 262 та авария бригадаларини шай ҳолатга келтирганини қайд этди.

Ҳаво ҳарорати пасайган даврда истеъмолчиларга табиий газдан фойдаланишда эҳтиёт чораларини кўриш, иситиш мосламалари ва овқат тайёрлаш жараёнида газ плиталарини қаровсиз қолдирмаслик, вентиляция тизимига алоҳида эътибор бериш зарурлиги, шунингдек, ис газидан заҳарланиш хавфини олдини олиш учун ностандарт иситиш ускуналари ва қўлбола ёндиргичлардан фойдаланмасликни эслатиб ўтилди.

Шу билан бирга, «Ҳудудгазтаъминот» АЖ фуқаролардан табиий газдан оқилона фойдаланишни, уйдан чиқиб кетаётганда имкон қадар иситиш жиҳозларини ўчиришни, газ жиҳозлари ишлаб турган хоналарда дам олишга йўл қўймасликни ва чироқни ёқишдан олдин газ ҳиди йўқлигига ишонч ҳосил қилиб, у аниқланган ҳолда газ хизматига мурожаат қилишни сўради.

«Ҳудудгазтаъминот» АЖ истеъмолчиларни табиий газ билан узлуксиз таъминлаш учун тўловни ўз вақтида амалга ошириш зарурлигини эслатиб ўтади. Тўловларни туман газ таъминоти бўлимлари ва жойларда ташкил этилган банк филиалларида, шунингдек, барча тўлов тизимларининг мобил иловалари орқали 24/7 режимида амалга ошириш мумкин.

«Барча таклифлар, шикоятлар ва мурожаатларни 1104 телефон рақамига, газ сизиб чиқиши ҳолатлари ва бошқа техник муаммоларни бартараф этиш бўйича маълумотларни 104 рақамига қолдириш мумкин», — дейилади хабарда.