Андижон вилояти Хўжаобод тумани ҳокими лавозимига Жамшид Рафиқжон ўғли Бозорбоев тайинланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Бозорбоев 1990 йилда Избоскан туманида туғилган. 2015 йилда Андижон қишлоқ хўжалик институтини тамомлаган.

Меҳнат фаолияти давомида туман ҳокимлиги, Андижон вилояти «Сувоқава» ДУК, «Тоза ҳудуд» ДУК, Экология ва атроф муҳитни мухофаза қилиш, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаларида бош мутахассис, бўлим бошлиғи, раҳбар ўринбосари ва раҳбар лавозимларида ишлаган.

Ушбу лавозимга тайинлангунига қадар Андижон вилояти қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида фаолият юритиб келаётганди.

Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни туманга Акмалжон Мирзаолимов ҳоким вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланганди. 2022 йил февралидан бери туманни бошқариб келган Ўткирбек Шукуров эса соғлиғида муаммо бўлгани учун лавозимидан олинган.

Бугун, шунингдек, Андижон вилоятининг Олтинкўл туманига ҳам ҳоким тайинланди, Отавуллахон Расулов ҳудуднинг янги раҳбари бўлди.