11 январь куни Жиззах вилояти Пахтакор туманида фермер хўжалиги ходими 42 туп дарахтни ноқонуний кесгани аниқланди, дея хабар бермоқда вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси.

Дарахтлар туманнинг «Бахмал» ҳудудида жойлашган Yuvest tog‘ фермер хўжалигининг дала майдони четига иҳота мақсадида экилган ва ўсишдан тўхтамаган қайрағочлар бўлган.

Ўрганишлар давомида уларни 36 ёшли фермер хўжалиги иш юритувчиси Ж.Ж томонидан кесиб олингани маълум бўлган. Бунинг оқибатида ўсимлик дунёсига 224 миллион 400 минг сўм миқдорида зарар етказилган.

Пахтакор тумани прокуратурасининг қарорига кўра, фуқаро Ж.Ж.га нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ишлари давом этмоқда, дейилади хабарда.