Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ХТМҚИ) ва бошқа ҳамкорлар, жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги 13 февраль куни Марказий Осиёда зоонозлар (ҳайвонлардан одамларга табиий йўл билан юқадиган касалликлар) хавфини камайтиришга қаратилган «Марказий Осиёда ягона саломатлик» ташаббусини бошлади. Бу ҳақда ХТМҚИ матбуот хизмати «Газета.uz»га маълум қилди.

Янги ташаббус Самарқандда бўлиб ўтаётган Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенция (CMS COP14) иштирокчилари конференциясининг 14-йиғилишида эълон қилинди.

11 миллион евролик минтақавий лойиҳа олти йил давомида амалга оширилади. Ташаббуснинг тўлиқ номи — «Марказий Осиёда табиатни муҳофаза қилиш тизимини мустаҳкамлаш орқали ландшафтнинг зооноз касалликларнинг пайдо бўлишига чидамлилигини ошириш». Лойиҳадаги ҳаракатлар инсон, ҳайвонлар ва атроф-муҳит саломатлигининг кесишувига қаратилган бўлиб, мураккаб муаммоларни ҳал қилишда яхлит ёндашув зарурлигини таъкидлайди.

«Яшаш муҳитининг бузилиши биологик хилма-хиллик йўқолишининг асосий сабабидир. Инсон саломатлиги учун ёввойи ҳайвонларни эксплуатация қилиш ва яшаш жойларини йўқ қилиш билан боғлиқ кўплаб хавфлар мавжуд. „Ягона саломатлик“ ёндашуви Марказий Осиё учун муҳим, чунки ёввойи ҳайвонлар, чорва моллари, одамлар ҳамда уларнинг экотизимлари саломатлиги ўзаро боғлиқ», — дейди Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш бўйича конвенциянинг ижрочи котиби Эми Френкель.

ХТМҚИ лойиҳа орқали табиат ҳудудлари ва қўриқланадиган минтақаларнинг минтақавий тармоғини яратиш, касаллик хавфини камайтириш учун ёввойи табиатни муҳофаза қилиш ва бошқаришни кучайтириш, зооноз касалликларни тадқиқ қилиш ва технология соҳасидаги сўнгги ютуқларни илгари суриш устида иш олиб боради.

«Соғлиқни сақлаш ва атроф-муҳит ўртасидаги боғлиқлик муҳим аҳамиятга эга. Табиий яшаш жойлари ва биологик хилма-хилликни сақлашга қаратилган саъй-ҳаракатлар экотизим мувозанатини ушлаш, ёввойи табиатнинг соғлом популяциясини рағбатлантириш ва зооноз касалликлар хавфини камайтиришнинг калитидир», — деди ХТМҚИ бош директори Гретель Агилар.

Эслатиб ўтамиз, бир кун аввал Ўзбекистонда Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқининг ваколатхонаси очилгани ҳақида ҳам хабар берилган эди. У янги Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University)да жойлашган.