13 февраль куни президент Шавкат Мирзиёев «Қишлоқ хўжалиги ерлари деградациясига қарши курашиш, тупроқнинг гумус миқдори ва унумдорлигини оширишни қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорга имзо чекди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қарорга мувофиқ 2024−2025 йилларда тажриба тариқасида пахта майдонларининг ҳар гектарига 1 млн сўмдан субсидия берилади. Бунда субсидия тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни, шу жумладан тупроқнинг гумус миқдорини ошириш бўйича агротехник тадбирлар учун кластерларга ажратилади.

Унга кўра, маблағ ажратиш Қишлоқ хўжалиги вазирлиги томонидан «Агросубсидия ахборот тизими» орқали амалга оширилади. Пахта майдонларида тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш бўйича тадбирларни бажариш учун дастлаб ҳисобланган субсидиянинг 70 фоизи 2024 йилда ажратилади.

Пулнинг қолган 30 фоизи Пахтачилик кенгашининг ҳосилдорлик олдинги мавсумга нисбатан ўртача 10 фоизга ошгани тўғрисидаги хулосасига асосан 2025 йилда ажратилади.

Шунингдек, «Тупроқ таркиби ва репозиторийси, сифати таҳлил маркази» давлат унитар корхонаси Тупроқшунослик ва агрокимёвий тадқиқотлар институти таркибига ўтказилиши белгиланмоқда.