Индонезияда 14 февралдан бошлаб Балига ташриф буюрган сайёҳлар учун 150 минг Индонезия рупияси (тахминан 10 доллар) миқдорида йиғим жорий этилди, деб ёзмоқда BBC News.

Индонезия расмийларининг тушунтиришича, йиғим орол атроф-муҳити ва маданиятини муҳофаза қилиш ҳамда сервисни яхшилашга қаратилган.

Солиқ оролга келган барча сайёҳларга тегишли. Йиғимни оролга келгач ёки ҳукуматнинг Love Bali портали орқали тўлаш мумкин.

Индонезия фуқаролари ва Жануби-Шарқий Осиё давлатлари уюшмаси аъзолари (Индонезиядан ташқари Бруней, Вьетнам, Камбоджа, Лаос, Малайзия, Мьянма, Сингапур, Таиланд ва Филиппин киради) солиқ тўлашдан озод қилинган.

Бали дунёдаги энг машҳур сайёҳлик манзилларидан бири ҳисобланади. 2023 йилнинг январидан ноябригача оролга деярли 4,8 миллион сайёҳ ташриф буюрган.