6 февраль куни Бухоро вилояти Шофиркон туманида жойлашган кафеда Taftish.uz интернет нашри мухбирига пичоқ билан жароҳат етказган шахс қўлга олинди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура.

Маълум бўлишича, журналист Ў.Т. ва таниши А.А. ўртасида низо сабабли келишмовчилик юзага келган. А.А. ошхона пичоғи билан Ў.Т.нинг қорин қисмига бир маротаба уриб, жароҳат етказган.

Ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 25, 97-моддаси 1-қисми (Қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдиновнинг ёзишича, 7 февраль куни мухбирнинг ҳаётига суиқасд қилган шахсга нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланган.

Ҳозирда жабрланувчи Ў.Т. шифохонада даволанмоқда. Дастлабки тергов ҳаракатлари давом этмоқда.