10 февраль куни Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманидаги 259-мактабда 3-синф ўқувчиси ўлик ҳолда топилди. Бош прокуратура ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Маълум бўлишича, шанба куни мактаб директори ўринбосари кечки соат 20:30 атрофида мактабнинг футбол майдони ёнида ўқувчи болани ҳушсиз ҳолда топган (бошланғич синф ўқувчилари шанба куни дарсга жалб этилмайди). Уни йўловчи автомобилида шифохонага олиб борган. У ерда болага клиник ўлим ташхиси қўйилган.

Ҳозирда боланинг ўлими сабабини аниқлаш учун суд-тиббий экспертиза тайинланган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади хабарда.

Milliy телеканалининг Millar дастурига изоҳ берган аёллардан бирининг айтишича, унинг ўғли марҳум бола билан параллель синфдош бўлган. «Ҳар куни ўғлим билан шу ерда футбол ўйнашар экан. Бизнинг маҳаллада футбол ўйнайдиган жой йўқ. Хоҳласа, хоҳламаса, бу стадионга келишади. Камералар фақат мактабга кириш жойида бор, кўча кўринмайди», — дейди аёл.