Тошкент шаҳри прокурори Эркин Йулдашев пойтахт аҳолисига йўл ҳаракати хавфсизлиги масалалари бўйича мурожаат қилди. У «Тошкент» телеканалида намойиш этилди (видео қуйида).

Эркин Йулдашев шаҳарда автотранспортлар сонининг кўпайиши, йўл инфратузилмасининг мукаммал эмаслиги туфайли Тошкент шаҳри ҳокимлиги ва прокуратураси бошқа ташкилотлар билан ҳамкорликда уларни ҳал этиш борасида иш олиб бораётган қатор муаммолар мавжудлигини таъкидлади.

Йўл ҳаракатини яхшилаш учун математик макромодель ишлаб чиқилган ва босқичма-босқич ҳаётга жорий этилмоқда, бу вақт ва қўшимча чораларни талаб этади, деди прокурор.

Шу билан бирга, у шаҳарда кечиктириб бўлмайдиган бир қатор ишлар, хусусан, шаҳар марказидаги асосий тирбандликларни тезкор чоралар билан бартараф этиш, шаҳарнинг ички йўлларидаги транспортни сақлаш билан боғлиқ вазиятни тартибга солиш, йўл ҳаракати қоидалари билан боғлиқ масалаларни янада мукаммаллаштириш чоралари амалга оширилаётганини айтди.

Ҳайдовчи ва пиёдаларни йўл ҳаракати хавфсизлиги маданиятига риоя қилиш ҳолати қониқарсиз эканини ва бу масала анчагина жиддий эътибор талаб этаётганини таъкидлади.

У ўтган йил давомида пойтахтда содир бўлган йўл-транспорт ҳодисалари, ўлим ва жароҳатланганлар ҳақидаги статистик маълумотларни келтирди. Йўл-транспорт ҳодисалари фактлари бўйича очилган жиноят ишлари сони ўтган йилга нисбатан 326 тага кўпайди, деди прокурор.

ЙТҲларда 95 киши ҳалок бўлган, улардан 10 нафари болалар. 1248 киши жароҳатланган, улардан 10 нафари доимий ногирон бўлиб қолган. Жароҳатланганлар орасида 235 нафар бола бор, деди у.

Йил давомида 4 минг 384 та автомобилни маст ҳолда бошқариш ҳолати аниқланган. Хусусан, 26 та оғир йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида одамлар ҳалок бўлган, деди шаҳар прокурори.

«Биз бировларнинг ҳаётига анчагина бефарқ бўлиб қолгандаймиз. Ўзбекчиликда бор, йўл устида автоҳалокат кўрсак, қараймизда, фалокатда, деб ўтиб кетамиз. Лекин у бир сўз билан таъриф қилинадиган нарсами? Нега бу масалага шу даражада кўникиб кетдик?» — дея савол қўйди Эркин Йўлдошев.

Йўл-транспорт ҳодисаларининг асосий сабаблари сифатида белгиланган тезлик меъёрини бузиш, светофорга эътибор бермаслик, оралиқ масофа сақламаслик, пиёдаларга йўл бермаслик, қувиб ўтиш қоидаларини бузиш, транспорт воситаларини спиртли ичимликлар ва гиёҳванд моддалар таъсирида бошқариш, вояга етмаганларга транспорт воситаларини бериб қўйиш кабиларни келтирди. «Кўриб турганингиздек, ҳаммасининг сабаби бор. Оддийгина фалокат эмас бу», — деди прокурор.

Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича қўзғатилган 1343 та жиноят ишининг 348 тасини 18−25 ёшдаги ҳайдовчилар содир этган, деди Эркин Йўлдошев. «Ҳа, умид билан уларнинг оёғи остига транспорт берамиз, уларни автомашина рулига ўтқазамиз, лекин улардан ҳам қандайдир масъулият талаб этишимиз зарур», — дея шикоят қилди у.

Йил давомида транспорт воситасини бошқариш вақтида ёнида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган 1417 нафар шахс аниқланган.

«Афсус, ҳеч қачон ҳалокатлардан тўғри хулоса чиқармаймиз. Вақтни тўғри тақсимламаймиз, ҳамиша кўчага шошиб чиқамиз, ярим соатлик йўлга 15 дақиқада боргимиз келади, 5 дақиқалик йўлга 3 дақиқада етиб борамиз. Бунинг орқасида эса одамларнинг умрига зомин бўлишимиз, кимларнингдир ҳаётини бор-йўғи 3 дақиқада бутунлай издан чиқариб юборишимизни ҳеч қачон кўнглимиздан ўтказмаймиз. Сабр деган тушунчанинг моҳиятини англамаймиз. Кўчага чиқиб кетаётган фарзандимизга бу ҳақда тайинламаймиз. Биз ҳар куни эрталаб уларни кўчага чиқараётганимизда дуо берамиз, шу дуонинг ичида атиги 30 сониясида „фарзандим, йўлда ўзингни тўғри тутгин, атрофингга жабр келтирма“, деган дуони қилиш шунчалик мураккабми? Ҳар куни нега одатий қоидага айлантирмаймиз?» — дея сўради прокурор. Ушбу масалада оиладаги ва мактабдаги хулқ орасида ҳам узилиш бўлаётганига эътибор қаратди.

Қайд этилишича, йил давомида тезликни ошириб юбориш оқибатида 282 та ЙТҲ содир бўлган.

Йўлда ҳаракатланганда ҳайдовчиларнинг бир-бирига йўл бермаслиги, қувиб ўтиши, йўл талашиши каби ҳолатлар, қалтис ҳаракатлар сабаб ҳам нафақат мудҳиш ЙТҲлар, балки охири ўлим билан тугайдиган жанжаллар юзага келмоқда, деди прокурор. Хусусан, йил давомида йўл талашиш оқибатида бир-бирига тан жароҳати етказишгача борган ҳодисалар юзасидан 33 та жиноят иши қўзғатилган.

«Инсонлар ўртасидаги муносабатларни пичоқ билан ҳал қиладиган миллат даражасига етдикми?» — деди Эркин Йулдашев.

Унинг таъкидлашича, баъзи ҳайдовчиларнинг йўл-патруль хизмати ходимларига бўйсунмаётгани, ҳақорат қилиш, ҳатто қўл кўтаришгача борган ҳолатларнинг видеотасвирлари кўп учрамоқда. «Йўлда ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга уларни масъул қилиб сиз қўйгансиз. Давлатни идора қилишнинг, бошқаришнинг мана шундай механизми сизнинг иродангиз орқасидан йўлга қўйилган. Лекин масъул ходимларнинг бундай кўйга солиниши беҳурматлик, осойишта ҳаётга рахна солиш, деб баҳоланади», — деди прокурор.

Пойтахт прокуратураси раҳбари ҳайдовчиларнинг шаҳарда камера ва фоторадарлар кўпайганидан норозилигига ҳам тўхталди. «Ваҳоланки, улар ҳайдовчиларнинг ўзини тийиб уловини бошқаришга ҳисса қўшсин, деб қўйилади. Акс ҳолда, ЙТҲларнинг мудҳиш сони янада ортиб кетган бўларди», — деди у.

«Агар камералар ва радарлар ЙТҲларга бутунлай нуқта қўйса, биз уларнинг сонини яна ҳам оширамиз, бунга тайёрмиз. Лекин бу билан транспорт ҳалокатлари сонини камайтириб бўлмайди», — дея тан олди прокурор.

Шу билан бирга, мутасадди идоралар камера ва радарларнинг қонун талаблари асосида ишлашини назорат қилишга жиддий ёндашаётганини қайд этди.

Видео