Озарбайжон ва Арманистон бир-бирини чегара ҳудудларини ўққа тутишда айблади. Тегишли баёнотлар икки давлат Мудофаа вазирликлари матбуот хизматлари томонидан эълон қилинди.

Озарбайжон Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, 12 февраль куни соат 20:50 ва 23:40 да Арманистон қуролли кучлари Товуз вилоятининг Коханаби аҳоли пункти йўналишида Озарбайжон қўшинларининг позицияларини ўққа тутган.

Озарбайжон ТИВ маълумотларига кўра, чегара хизмати аскари яраланган. Бунда арман томонининг ҳаракатларига «провокация» деб қаралмоқда.

Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон ҳудуди ўққа тутилгани ҳақидаги хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилди. Унинг маълумотларига кўра, 13 февраль куни эрта тонгда Озарбайжон Қуролли кучлари Неркин Ҳанд (Сюник вилояти) ҳудудида арманларнинг позицияларига ўқ узган.

Ўққа тутилиш оқибатида тўрт арман аскари ҳалок бўлди, бир нафари яраланди", — дейилади Мудофаа вазирлиги баёнотида.

  • Озарбайжон ва Арманистон мунтазам равишда бир-бирини чегара ҳудудини ўққа тутишда айблайди. Шу билан бирга, Bloomberg`нинг таъкидлашича, бу Озарбайжоннинг 2023 йил сентябрь ойида Тоғли Қорабоғда ўтказган ҳарбий амалиётидан буён икки давлат ўртасидаги энг жиддий чегара тўқнашуви бўлди, шундан сўнг минтақа Озарбайжон томонининг тўлиқ назоратига қайтди.