Марказий банк январь ойида ўтказилган Банк назорати қўмитаси йиғилишларида 1 та банкни жаримага тортди ва 3 та банкни огоҳлантирди, дея хабар бермоқда регулятор матбуот хизмати.

Қўмита мазкур ойда жами 9 та йиғилиш ўтказиб, 30 та масалани кўриб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилган. Рўйхатга олиш ва рухсат бериш йўналишида 20 та масала, хусусан, кредит ташкилотлари уставига киритилган ўзгартиришларни рўйхатдан ўтказиш (2 та), кредит ташкилотларининг устав фондидаги улушига эгалик қилиш учун рухсат бериш (3 та), кредит ташкилотларини лицензиялаш (2 та), банкларда аудит ўтказиш ҳуқуқини бериш учун аудиторлик малака сертификатини тақдим этиш (2 та) ҳамда тижорат банклари кузатув кенгаши ва бошқаруви аъзолари, шунингдек, муҳим аҳамиятга эга ходимларининг номзодларини кўриб чиқиш (11 та) каби масалалар кўриб чиқилган.

Кредит ташкилотларининг молиявий ҳолати бўйича (10 та масала) банклар ва тўлов ташкилотларининг молиявий ҳолати ва улар томонидан Марказий банкнинг пруденциал меъёрлари талабларининг бажарилиши, шунингдек, банклар ва микромолия ташкилотларида ўтказилган ўрганишлар натижалари муҳокама қилинган.

Хусусан, амалдаги қонунчилик ва Марказий банкнинг меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши таъминланмагани сабабли 1 та банк ва 1 та тўлов ташкилотига нисбатан жарима санкцияси қўлланган, шунингдек, 3 та банк ва 2 та ломбард чора ва санкциялар қўлланиши тўғрисида огоҳлантирилган.

Бундан ташқари, қўмита томонидан ўзининг тизим барқарорлигини сақлаш, омонатчилар ва инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш принципидан келиб чиқиб, тижорат банклари бошқарувлари ва микромолия ташкилотлари раҳбариятига аниқланган камчиликларни тузатиш, ўрнатилган пруденциал нормативларга амал қилиш, банк фаолиятида мавжуд заифликларни бартараф этиш ва молиявий ҳолатини соғломлаштиришга қаратилган талабларга риоя қилиш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилган.