Copernicus Европа иқлим хизмати ҳисоботига кўра, 2024 йил январь ойи рекорд даражада иссиқ бўлди. Ўтган ойда ўртача глобал ҳарорат 13,14 даражани ташкил этди, бу 1850−1900 йиллардаги саноатдан олдинги даражадан 1,66 даражага юқори.

Copernicus`да таъкидланишича, жорий йилнинг январи кетма-кет саккизинчи энг иссиқ ой бўлди — рекорд даражалар 2023 йил июнидан бери қайд этилмоқда.

Ўтган йилдаги глобал ҳарорат ҳам рекорд даражадаги энг юқориси бўлди: саноатдан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,52 даража баланд.

Термометр жанубий Европа, шарқий Канада, шимоли-ғарбий Африка, Яқин Шарқ ва Марказий Осиёда ўртача кўрсаткичдан анча юқори ҳароратларни кўрсатди.

Copernicus директори ўринбосари Саманта Берджесс иссиқхона газлари чиқиндиларини тезроқ камайтириш глобал ҳароратнинг кўтарилишини тўхтатишнинг ягона йўли эканини қайд этди.

Метеорологлар аввалроқ 2023 йил рекорд даражадаги энг иссиқ йил бўлганини тасдиқлаганди — глобал ҳарорат саноатдан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,4 даражага юқори бўлган. Аммо, олимларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил атмосферага чиқаётган иссиқхона газлари чиқиндилари кўпайиб, шунингдек, Эль-Ниньо табиий ҳодисаси туфайли ўтган йилга нисбатан иссиқроқ бўлиши мумкин.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради. Ҳодиса 2023 йилнинг ёзида бошланган.

Copernicus`да айтилишича, Эль-Ниньо Тинч океанининг экваториал қисмида заифлаша бошлайди, аммо океанлар устидаги денгиз ҳавосининг ҳарорати одатда ғайриоддий даражада юқорилигича қолмоқда.

  • Ўзгидромет, шунингдек, ўтган январь ойи Ўзбекистон метеорологик кузатувлар тарихидаги энг иссиқ уч январдан бири бўлгани ҳақида хабар қилди. Деярли бутун ой давомида иқлимий меъёрлардан юқори ҳарорат сақланиб турган.
  • 2023 йил май ойида Жаҳон метеорология ташкилоти яқин беш йил ичида сайёрада жуда юқори ҳароратлар кузатилишидан огоҳлантирганди.