Олимларнинг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2024 йил 2023 йилги рекордни янгилаши ва кузатувлар тарихидаги энг иссиқ йил бўлиши мумкин, деб хабар бермоқда Bloomberg.

Метеорологлар аллақачон 2023 йил рекорд даражадаги иссиқ йил бўлганини, глобал ҳарорат саноат давридан олдинги ўртача кўрсаткичдан 1,4 даража юқорилаганини тасдиқлаган. Агентликнинг қайд этишича, катта эҳтимол билан 2024 йилда бу кўрсаткич ортади.

Олимлар бу йил сайёрадаги ўртача ҳарорат саноатгача бўлган даврга нисбатан 1,3−1,6 даражага ошишини тахмин қилмоқда.

Бундай прогнозлар нафақат ёқилғи ёниши оқибатида иссиқхона газлари ҳажмининг ошиши билан, балки 2023 йилнинг ёзида бошланган Эль-Ниньо табиий ҳодисаси билан ҳам боғлиқ.

Эль-Ниньо — Тинч океанининг экваториал қисмида сув сатҳидаги ҳароратнинг аномал кўтарилиши билан тавсифланган табиий феномен. Бу ҳодиса ҳар 2−7 йилда содир бўлади ва 18 ойгача давом этиши мумкин. Эль-Ниньо эпизодлари пайтида тропик зоналарда ёғингарчилик ва атмосфера айланишининг нормал схемаси бузилиб, бутун дунё бўйлаб экстремал иқлим шароитларини келтириб чиқаради.

Тинч океани сувниинг исиши ва сайёра юзаси ҳароратининг кўтарилиши ўртасида кечикиш мавжуд, шунинг учун Эль-Ниньо давридаги иккинчи йил одатда биринчи йилга қараганда иссиқроқ бўлади, дейди АҚШнинг Океан ва атмосфера тадқиқотлари миллий бошқармаси катта олими Майкл МакФаден.

Бироқ баъзи олимлар бу тахминларга қўшилмайди, дейди Axios. Berkeley Earth мустақил иқлим тадқиқот гуруҳи олими Роберт Роденинг сўзларига кўра, 2023 йилда ҳароратнинг «ҳайратланарли сакраши» ва «нисбатан кучлироқ» Эль-Ниньога тезроқ ўтиш ҳолати кузатилган.

«Катта эҳтимол билан 2024 йил прогнозлардан фарқ қилади ва 2023 йилдан бироз салқинроқ бўлади», — деган Роде.