Ўзгидромет 2024 йилнинг январь ойи Ўзбекистон тарихидаги энг илиқ январлардан бири бўлганини маълум қилди. Ўтган ой жуда илиқ бўлган, иқлим меъёридан юқори бўлган ҳарорат деярли ой давомида сақланиб турган.

«Фақат икки марта (ойнинг ўртасида ва охирги беш кунлигида) қисқа муддатга ҳавонинг кескин совуқ бўлиши кузатилди, бунда ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ёки ундан бироз паст қийматларгача пасайди», — дейилади хабарда.

Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлимий меъёрдан 3−4 даражага (шимолда 1−2 даражага) юқори бўлди.

Ҳудуднинг катта қисмида (шимолдан ташқари) январь ойи метеорологик кузатувлар тарихидаги энг илиқ январь ойлари учлигига кирди. Аммо шунга қарамай, бу ойда экстремал юқори ҳароратлар қайд этилмади. Энг илиқ кунларда ҳаво 15−18 даража илиққача (жанубда 19−22, шимолда 10−12 даража) исиди. Январь ойидаги энг юқори ҳарорат 2002, 2007 ва 2021 йилларда кузатилган: 20−25 даража илиқ (жанубда 24−27, шимолда 13−16 даража).

2023 йил январи vs 2024 йил январи

Гидрометеорология агентлигининг ёзишича, 2024 йил январь ойини 2023 йил январь ойи билан таққослаш жуда қизиқарли бўлган.

2023 йил январь ойида ойнинг иккинчи ўн кунлигида совуқ арктика ҳавосининг кириб келиши ҳисобига ҳаво ҳарорати кечалари 17−22 даража совуққача, Қорақалпоғистон, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах ва Андижон вилоятларининг баъзи жойларида 25−29 даража совуққача пасайган.

Жорий йилнинг январида эса ҳудуднинг катта қисмида, ҳатто энг совуқ кечаларда ҳам, ҳарорат фақат 2−4 даража совуққача, баъзи жойларда 5−6 даража совуққача (меъёрга яқин ёки ундан бироз паст) пасайди. Фақат республиканинг шимолий ҳудудларида қисқа муддатли совуқларнинг энг юқори чўққисида ҳаво ҳарорати кечалари меъёрдан 5−8 даражага паст бўлиб, 11−16 даража совуқни ташкил этди.

Ҳарорат тартиби бўйича 2023 йил январь ойи меъёрдан 4−7 даражага совуқроқ бўлди. 2024 йил январь ойи 2023 йил январь ойига нисбатан 7−11 даражага илиқ бўлди.

Ёғингарчилик даражаси

Январь ойида республика ҳудудида ёғингарчилик жуда нотекис бўлди. Меъёрга нисбатан энг кам ёғингарчилик Фарғона водийси вилоятларида (меъёрдан 50 фоиздан кам), Хоразм ва Бухоро вилоятларида эса (меъёрдан 200 фоиздан кўп) энг кўп бўлди.

Республиканинг текислик ҳудудларида ёғингарчилик аралаш кўринишда кузатилди, аммо барқарор қор қоплами шаклланмади. Қорнинг баландлиги 5−7 сантиметрдан кўп бўлмади, қор қопламининг давомийлиги бир кундан уч кунгача кузатилди. Республиканинг жануби ва Фарғона водийсининг текислик ҳудудларида эса умуман қор қоплами ҳосил бўлмади.

Қор қопламининг энг узоқ давомийлиги Қорақалпоғистон Республикаси шимолида, Хоразм вилоятининг баъзи жойларида ва Навоий вилояти чўл ҳудудларида 15−20 кун кузатилди. Бунда қорнинг баландлиги 10−12 сантиметрга етди.

Тоғли ҳудудларда қор қоплами ой давомида сақланиб турди. Тошкент, Қашқадарё ва Наманган вилоятлари тоғларида ой охирига қор баландлиги 40−80 сантиметрни, баланд тоғларда 100−120 сантиметргачани ташкил этди. Бу кўрсаткичлар ўртача кўп йиллик ва ўтган йилги қийматларга мос бўлди.

Ўзбекистонда январь ойи одатда қандай бўлади?

Январь — қишнинг ўртаси, иқлим хусусиятларига кўра йилнинг энг совуқ ойидир. Бироқ ҳар доим бундай бўлмайди. 2002−2003 йилларнинг қиш мавсумида декабрь энг совуқ ой бўлиб, у январь ва февраль ойларига нисбатан анча совуқ бўлган. 2013−2014 йилларнинг қиш мавсумида эса февраль ойи декабрь ва январь ойларига нисбатан анча совуқ бўлган.

Сўнгги 30 йил ичида (1994−2023 йиллар) 2016 йилнинг январь ойи энг илиқ бўлиб, бунда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати барча жойларда меъёрдан 3−6 даражага юқори бўлди.

1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.1994−2023 йиллар учун январь ойида максимал ва минимал ҳаво ҳарорати.

Сўнгги 30 йил ичида 2008 йилнинг январь ойи энг совуқ бўлди. Республика ҳудуди бўйича ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрдан 8−12 даражага паст бўлди. Шу йилнинг ўзида республика ҳудудининг катта қисмида энг паст ҳаво ҳарорати кузатилди. Минимал ҳарорат −17…−24 даража совуққача, шимолда −30…−32 даража совуққача пасайди.