Акмал Асқарович Расулов Тошкент шаҳри Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси бошлиғи этиб тайинланди, дея хабар бермоқда Экология вазирлиги матбуот хизмати.

У 1972 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. Тошкент давлат техника университетини тамомлаган. Узоқ йиллар давомида пойтахт Экология бошқармасида турли лавозимларда, хусусан, тайинловга қадар бошқарма бошлиғи ўринбосари вазифасида фаолият юритган.

Расулов мазкур лавозимга 2021 йилнинг ноябрида тайинланган Фарҳод Деҳқоновнинг ўрнини эгаллади. Деҳқонов 2022 йилнинг 9 сентябрь куни пойтахтда дарахтлар нобуд бўлишига шароит яратиб берганлик ва ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, давлат ёки жамиятга жуда кўп миқдорда зарар етказишда айбланиб, ҳибсга олинганди.

Бироқ орадан бир кун ўтиб, у озод этилган. «Газета.uz»нинг аниқлашича, Фарҳод Деҳқонов жиноий иш бўйича ҳамон гумонланувчи сифатида қолган. Кейинчалик мазкур жиноят ишининг якуни бўйича маълумот берилмаган.

Экология вазирлигининг 2024 йил январь ойи бошида маълум қилишича, унинг фаолиятига хизмат текшируви тайинланган ва 2023 йилнинг 30 декабридан 2024 йилнинг 1 февралига қадар ишдан четлаштирилган.