Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани ҳокимлиги Йўлдош мавзеси (аввал Сергели туманига қарашли эди)да жойлашган, бузилиши айтилган 2 қаватли 409 та ёғоч уй ўрнида яшил боғ қурмоқчи. Туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов журналистлар билан учрашувда фуқароларни кўчириш учун янги жой излаётганини маълум қилди.

Аввалги йиғилишда у ёғоч уй эгаларини вақтинча бошқа жойга кўчириб, эски уй ўрнига қурилган янги бино битгач, уларни қайтариб жойлаштирмоқчилигини айтганди. Ҳозир эса мазкур 75 гектар ҳудудда уй-жой эмас, истироҳат боғи қуриш режалаштирилмоқда.

«Ёғоч уйлар ўрнида аввал биз яна кўп қаватли уй қурмоқчи эдик. Яқинда ўтган селектор йиғилишида давлат раҳбари Сергели ва Янгиҳаёт томонда ҳам «Янги Ўзбекистон»га ўхшаган, одамлар бориб дам оладиган яшил зона, истироҳат боғи қуринглар деди. Ўйлаяпмизки, мана шу ҳудудни бўшатиб, 75 гектар ерни боғ қилмоқчимиз, уй-жой учун қурилиш қилмоқчи эмасмиз. Бу ҳақда охирги келишувга келгандан сўнг яна ахборот берамиз», — деди туман ҳокими.

Ёғоч уйлар 1966 йилда зилзиладан сўнг ўша ерда уй қурилишида қатнашган ишчилар учун вақтинча 5 йил муддатда фойдаланиш учун тез фурсатларда қуриб берилган. Қарийб 60 йилдан бери бу уйларда одамлар яшайди.

«Газета.uz» аввалроқ Йўлдош мавзеси аҳолисининг ёғоч уйларнинг бузилиши ва дарахтларни сақлаб қолиш ҳақидаги фикрлари ва ҳудудга оид кечинмалари ҳақида мақола эълон қилганди.

Ҳокимнинг сўзларига кўра, боғ барпо этиш учун хитойлик тадбиркорлар жалб қилинади.

«Куни кеча Хитойдан қайтиб келдик. Ўша ердан инвестор топдик. Хитой компанияси билан ярим-ярим қилиб, қурилиш бошламоқчимиз. Яқин кунларда келишув ҳужжатлари ва лойиҳалар тайёр бўлади. Бунда ҳам жараён бор. Бу ерда 2 қаватли 409 та уй, унда 4400 та хонадон бор. Ҳозир шу ерда яшайдиган фуқароларга ер топиш масалаларини кўряпмиз. Бу ерда янги уйни қуриш вақти ҳам бор. Янги ҳудудда уйларни қуриб, кейин фуқароларни кўчирамиз ва ёғоч уйларни бузамиз. Шу йил қурилишни бошласак, кейинги йилнинг баҳор ойларида истиқомат қилувчиларни янги уйга кўчиришни бошлаймиз», — деди Ҳаёт Иноғомов.

Фуқаролар билан ҳам гаплашганмиз, деярли 90 фоиз фуқаро рози. Улар атрофимиздаги жойдан қуриб берсангизлар кўчамиз, деб айтишди. Шунинг ҳаракатини қиляпмиз. 10 фоиз фуқаро эса шаҳарга чиқиб кетиши, уйнинг пулини беришни сўрамоқда, дея қўшимча қилди у.

Туман ҳокими, шунингдек, ёғоч уйларга яқин Софдил кўчасида жойлашган Green Park боғи тасарруфидаги 17 гектар майдондаги яшил зона ҳақида ҳам айтиб ўтди. Бу жойни 2023 йилнинг кузида бош прокурор ўринбосари кўздан кечириб, дов-дарахтларнинг қуриётгани аҳволини ўрганганди.

«17 гектар майдондаги дарахтлар қуришни бошлаганди. Сабаби олдинги тадбиркор уларга қарамаган. Бунинг учун у жарима тўлади, шунингдек, 100 туп дарахт ҳам экди. Ҳозирги кунда бу жойни бошқа тадбиркор 49 йиллик шартнома билан олган. Айта оламанки, бу жойда 2025 йил тахминан 1 апрель ҳолатига кўра, сингапурлик тадбиркорлар ёрдамида Марказий Осиёда шу пайтгача бўлмаган бир катта парк бўлади. У ерда нималар бўлишини ҳозир очиқлолмайман. Сабаби бу ҳақда ҳали давлат раҳбарига айтилгани йўқ», — деди туман ҳокими.

ёғоч уйлар, янгиҳаёт тумани

Келтирилишича, ҳозир боғнинг лойиҳалаш ишлари кетмоқда. Улар якунлангач, президентга кўрсатганимиздан кейин ҳаммаси аниқ бўлади, дея изоҳ берди ҳоким.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туман ҳокими Minerva City мажмуасини қураётган ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиқилгани ва 100 гектар майдон давлатга қайтарилганини маълум қилганди.