Тошкент шаҳри ҳокимлиги Янгиҳаёт туманида қурилиши бошланиб, кейинроқ иши тўхтаб қолган Minerva City мажмуасини қураётган ҳиндистонлик тадбиркор устидан судда ютиб чиққани маълум бўлди. Бу ҳақда туман ҳокими Ҳаёт Иноғомов маълум қилди, деб хабар бермоқда 8 февраль куни ҳокимликда ташкил этилган матбуот анжуманида иштирок этган «Газета.uz» мухбири.

Қайд этилишича, қурилишга ажратилган 100 гектар майдон давлат тасарруфига қайтарилди.

2022 йилда ҳиндистонлик инвестор Мурари Лал Жаланнинг «MJ Developer» компанияси томонидан Янгиҳаёт туманида қурилиши бошланган Minerva city лойиҳаси можароли тарзда тўхтаб қолганди. Ер ҳиндистонлик тадбиркордан олиб қўйилгач, у Тошкентнинг ўша вақтдаги ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевни унга ноқонуний талаб қўйишда айблади. Тошкент шаҳар ҳокимлиги инвесторнинг сўзларини рад этиб, Бош прокуратурага мурожаат қилди. Шундан сўнг, Бош прокуратура Мурари Лал Жаланнинг иддаосини текширишни бошлади.

Туман ҳокими орада ўтказилган суд натижасига кўра, ер Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилганини айтиб ўтди.

«Minerva City`ни 29 январь охирги иш судида ютдик. Қарор бекор қилиниб, ер Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига қайтарилди, яъни давлатга қайтди. Ундан кейин улар яна аппеляцияга беришди. Ҳозир биз шу аппеляцияни кутяпмиз. Лекин, аппеляция шикоятини ўқиб чиқсак, ҳуқуқий томондан ютадиган важларни кўрсатишмаган. Яқин 15 кунда суднинг охирги қарори бизга ҳал бўлади. Ер давлатга ўзи қайтиб бўлган, аппеляция аризаси берилгани учун суд уни қайта кўриб чиқмоқда», — деди Ҳаёт Иноғомов.

Унинг айтишича, 6 нафар фуқародан ташқари ҳаммага компаниянинг ўзи пулни қайтариб берган. Улар рози бўлиб, ўша тўланган пулни олиб чиқиб кетди. 6 киши эса олиб чиқиб кетишни хоҳламади. Судда ҳам иштирок этишди. Улар [компания билан] бошқа лойиҳа қиламиз деган маънода тадбиркор билан ўзи гаплашиб олди. Уларнинг давлатдан даъвоси йўқ, дейди ҳоким.

Келтирилишича, давлатга қайтарилган майдонда яна уй-жой қурилади, шунингдек, унинг ёнида олийгоҳ қад ростлаши мумкин.

«Жойнинг ўрнида нима бўлади деган саволга келсак, Хитойга борганда буни инвесторларга кўрсатдик. Унга пул тикаман деган инвестор бор. Тахминан 96−100 гектар жойда уй-жой бўлади. 35−40 минг фуқаро яшайдиган хонадонлар тушиши режа қилинмоқда. Унинг ичида барча хизмат кўрсатиш объектлари бўлади. Ҳали у даражага етмаган бўлсак ҳам, унинг ёнига бир университет олиб келмоқчимиз. Бизнинг туманда ҳам битта олийгоҳ бўлса, туманда зиёлилар сони кўпаяди», — деди туман ҳокими.

Шунингдек, туман ҳокими қурилиши режа қилинган олийгоҳ хусусий ёки давлатники бўлиши, лекин бу Иқтисодиёт ёки молия университети эмаслигини айтди. Аввалроқ, Чилонзор туманидаги Тошкент давлат иқтисодиёт университетининг Сергели туманига кўчирилиши эҳтимоли борлиги ҳақида хабарлар тарқалганди.