Наманган вилояти Давлатобод туманининг Юксалиш маҳалласида ҳайдовчилик гувоҳномаси олувчилар учун ихтисослашган инновацион имтиҳон маркази ишга тушди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Марказ кунига ўртача 500 мижозга хизмат қила олади. Унинг тантанали очилиш маросимида Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов қатнашди ва имтиҳон олиш тизимида рақамлаштириш кучайтирилиб, инсон омили камайтирилгани йўллардаги қоидабузарликларга барҳам беришини таъкидлади.

Шундан сўнг, «Наманган вилояти имтиҳон маркази» ўз фаолиятини бошлади.

имтиҳон маркази, наманган, ҳайдовчилик гувоҳномаси

имтиҳон маркази, наманган, ҳайдовчилик гувоҳномаси

Эслатиб ўтамиз, шундай имтиҳон марказлари дастлаб 2022 йил февраль ойида Тошкент шаҳрида, ўша йилнинг июнь ойида эса Тошкент вилоятида фаолият бошлаганди.

Собиқ адлия вазири Русланбек Давлетов ушбу имтиҳон марказлари очилиши ҳақида гапирар экан, қайси ҳудудда шундай имтиҳон маркази очилса, ўша ерда давлат ўз функциясини тугатишини айтганди.

«Энди давлат нима қиляпти, давлат айтаяптики, биз янги тизим қиламиз: Мана шунақа талаблар бўлади. У ерда инсон омилисиз электрон равишда ҳайдовчига баҳо берадиган тизим бўлиши керак, деяпти. Ўша талабларни белгилаб қўйяпти. Агарда қайси ҳудудда шу талабларга мос равишда хусусий сектордан тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади, деяпти. Ҳамма вилоятда очилса, шу ёқдаги давлат тизими тугайди», — дея таъкидлаганди вазир.