Пайшанба куни Тошкент вилоятининг Оҳангарон туманида ҳайдовчилар учун ягона Имтиҳон марказининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Имтиҳон маркази 10 июндан иш бошлайди.

Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар вилоятдаги рўйхатга олиш ва имтиҳон бўлимларида эмас, фақат ушбу марказда топширилади. Февраль ойида Тошкент шаҳрида ҳам Autodriver Study томонидан ташкил этилган ана шундай марказ очилганди.

Фото: Тошкент вилояти ҳокимлиги.

Янги марказнинг очилиш маросимида вилоят ҳокими в.б. Зойир Мирзаев, Autodriver Study асосчиси Комил Алламжонов ва Ўзбекистон ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакиллари иштирок этди.

Маросимда сўзга чиққан Комил Алламжонов Тошкентда ягона имтиҳон марказининг очилганидан кейин ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш билан боғлиқ коррупцияга барҳам берилганини таъкидлади. «Фақат билими борларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олаяпти ва йўлга чиқаяпти», — деди у.

Назарий ва амалий имтиҳонларни топширишга уринганлар орасида вилоят раҳбари Зойир Мирзаев ҳам бор. У 80 жарима балл (рухсат этилган қиймат 100) тўплаган бўлса-да тестдан муваффақиятли ўтди.

Фото: t.me/xushnudbek.

«Анча йилдан буён рулга ўтирмагандим, адашмасам 1988 йилда имтиҳон топшириб ҳайдовчилик гувоҳномаси олганман. Лекин йўл қоидаларини яхши билиб, кўрсатмаларга амал қилса, бемалол топширса бўлар экан. «Парковка»да сал қийналдим, машина ҳайдаб турмаганим шунда билинди», — деди Зойир Мирзаев.

2023 йил охиригача Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида пойтахт ва вилоятлардаги каби автоматлаштирилган имтиҳон марказларини босқичма-босқич қуриш режалаштирилган.