Душанба кунги матбуот анжуманида адлия вазири Русланбек Давлетов ҳайдовчилик гувоҳномасини берувчи Ягона имтиҳон марказининг «Автотест» сингари монополия ташкилоти эмаслигини маълум қилди. Бу ҳақда «Газете.uz» мухбири хабар берди.

Вазирнинг сўзларига кўра, давлат ҳозир хусусий секторга ўзининг функцияларини топширяпти. Машиналарни техник кўрикдан ўтказиш ҳам шундай тарзда амалга оширилаяпти.

Шунингдек, у ҳайдовчилик бўйича республикадаги аҳвол жуда ёмон экани, масалан, ўтган бир йил ичида 3000 киши йўлда ўлиб кетгани бу жуда катта фожиалигини таъкидлади. «Бунинг сабаблари жуда кўп. Мана битта сабаби, [ҳайдовчилик] гувоҳномани олиш осонлиги, коррупцияси, енгиллиги, имтиҳонни пул билан бемалол топшириб, пулини бериб олиб кетиш каби масалалар шунга таъсир қилган», — деди у.

«Энди давлат нима қиляпти, давлат айтаяптики, биз янги тизим қиламиз: Мана шунақа талаблар бўлади. У ерда инсон омилисиз электрон равишда ҳайдовчига баҳо берадиган тизим бўлиши керак, деяпти. Ўша талабларни белгилаб қўйяпти. Агарда қайси ҳудудда шу талабларга мос равишда хусусий сектордан тадбиркор кириб келса, давлат ўзининг шу функциясини тугатади, деяпти. Ҳамма вилоятда очилса, шу ёқдаги давлат тизими тугайди», — дея таъкидлади вазир.

Таъкидланишича, «агар, ҳамма вилоятда бундай марказлар очилса, соҳадаги имтиҳон олишда давлат тизими тугайди».

Бироқ, ҳаммага ҳам бу соҳада имтиҳон олиш ҳуқуқини бериб бўлмайди. Вазир бунинг устидан қаттиқ назорат бўлиши кераклигини таъкидлади.

Қолаверса, вазир айни вақтда пойтахтнинг Сегрели туманидаги ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун Ягона имтиҳон маркази ишга тушгани билан унинг раҳбар ким эканини ҳам билмаслигини айтиб, унинг «Avtotest» сингари монополлашган ташкилот эканини рад этди.

«Олдинлари „Avtotest“ деб туриб қарорга ёзилган бўларди, тўғридан-тўғри МЧЖ деб ёзиларди. Мана бу монополия. Ҳозир ҳам мана бозорга кириш қийин, ивестиция киритиш керак. Лекин, бу очиқ. Ким агар қандайдир имконият кўрадиган бўлса, мана пул тиксин. Кимдир халақит қилиб, тўсиқ бўлаётгани йўқ. Талаб ҳамма учун бир хил демоқчиман. Мен бунда ҳуқуқий томондан баҳо бераман», — деган у.

Шу билан бирга у мазкур ўзгариш ҳукумат қарори асосида бажарилаётганини келтириб ўтган.

«Мана масалан бизга Ички ишлар [вазирлиги]дан келиб имтиҳон топшириш тизими бўйича 12 та талаб қўйдик, дея айтяпти. Биздаги ҳуқуқшунослар эса ундан мана бу жойи нотўғри деб айтишга нима асоси бор. Агарда унда бюрократия бўлса, биз айтишимиз мумкин. Лекин, техник талаблар бўйича мутахассислар [иш олиб боради]. Бундан ташқари, ҳукумат қарор қабул қиляпти», — деди Русланбек Давлетов.

Шунингдек, вазир Давлат хизматлари марказлари (ДХМ) орқали ҳайдовчилик гувоҳномасини бериб бўлмаслигини маълум қилди.

«ДХА бу фронт офис. Унда гувоҳномани ким олади, бизнинг ходим олмайди-ку имтиҳонни? Бизда гувоҳнома тайёр бўлса, фақат уни чоп қилиш мумкин. Лекин, унинг бошида туриб гувоҳномани беришда катта жараён бор. Айниқса энг қаттиқ назорат қилинадиган жараён бор. У ерга эса аралашиш нотўғри бўлади», — деган Давлетов ўз жавобида.

Аввалроқ, «Газета.uz» КТЯРД очиқ маълумотларини келтирган ҳолда, Autodriver Study автмактаби 2017 йил 6 октябрда рўйхатга олингани ва раҳбар сифатида Дэниел Бёрк (Burke Daniyel James) кўрсатилгани, ягона таъсисчи — Дилшод Шуҳратович Жўраев экани ҳақида ёзганди.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Web.Archive маълумотларига таяниб, Autodriver Study автомактабининг иккита филиали борлигини, улардан бири ушбу марказ ўрнида, иккинчиси эса Алишер Навоий кўчаси 1-уйда (худди шу манзилда «Автотест» инновацион автмактаби филиалларидан бири) жойлашганини маълум қилди.

Дилшод Жўраев бир вақтнинг ўзида 2017 йил октябрь ва ноябрида рўйхатга олинган Nurafshon Yo’l Avtomaktabi ва Innodriver Study автомактабларининг ҳам эгаси ҳисобланади. Innodriver Study юридик манзили Avtotest, Avtotest 2.0 ва Avtotest Obey Rules савдо белгиларига эгалик қиладиган Avtotest Report компанияси манзили билан мос тушади — Тошкентнинг Миробод тумани Тарас Шевченко кўчаси 21-уй.

Эътиборлиси, мазкур бинонинг орқа қисмида, Тарас Шевченко кўчаси 23-уйда Milliy TV телеканали офиси жойлашган.

Avtotest мактаблари асосчиси (ҳозирда у ерда таъсисчи сифатида Иродахон Исмаилова кўрсатилган) ва Milliy TV телеканалининг амалдаги таъсисчиси (66,7%) — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.