5 февраль куни жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилояти Қарши туман судида блогер Отабек Сатторийнинг судга киритган илтимосномаси кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди, дея хабар бермоқда вилоят судлари матбуот хизмати.

Блогер 2021 йилнинг 10 май куни Жиноят кодексининг 139-моддаси (Туҳмат) 3-қисми «а», «г» бандлари ва 165-моддаси (Товламачилик) 3-қисми «а» бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбдор деб топилиб, 6 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.

Суднинг ажрими билан Сатторийнинг 5 февралга қадар ўталмай қолган 2 йил 11 ой 25 кун озодликдан маҳрум қилиш жазоси Жиноят кодексининг 74-моддаси (Жазони енгилроғи билан алмаштириш) 3-қисми «в» бандига асосан ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилди. Шунингдек, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромади фойдасига ундирилиши белгиланди.

Маълумот учун, у 2023 йилнинг декабрь ойида умумий тартибли колониядан манзил колонияга ўтказилганди. Аввалроқ у билан учрашган «Эзгулик» жамияти аъзоси Абдураҳмон Ташанов блогер «апрель охири, майнинг бошларида» озодликка чиқиши мумкинлигинимаълум қилганди. Сатторий озодликка чиққач, «тинчгина ахборот технологиялари соҳасида ишламоқчи» эканини айтган.