Шавкат Мирзиёев душанба куни ўтган видеоселектор йиғилишида оналар ва гўдаклар ўлимининг олдини олиш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди, деб ёзмоқда президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

«Ҳар бир она ва бола ўлими „фавқулодда ҳолат“ деб баҳоланади ва сўров шунга яраша бўлади», — дея огоҳлантирди президент Соғлиқни сақлаш вазирлиги, вилоят ҳокимлари, вилоят ва туман тиббиёт идоралари раҳбарларини.

Қайд этилишича, хориждан мутахассисларни олиб келиб, энг аввало, она ва гўдак ўлими юқори 20 та туман ва шаҳардаги тиббиёт ходимларини ўқитади. «Хавф гуруҳи»га кирган ҳомиладор ва туғуруқ ёшидаги аёллар билан ишлаш протоколи янгиланади.

Шунингдек, тиббиёт бригадаларидаги 8,5 минг доя илғор тажриба асосида репродуктив саломатлик ва ҳомиладорлар парвариши бўйича ўқитилади.

Йиғилишда перинатал марказлар бошқарувига хорижий мутахассисларни олиб келиш, 229 та туғруқхонани замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлаш топширилди.

Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойи давомида оналар ўлими кўрсаткичи 100 минг тирик туғилишга нисбатан 14,1 промиллини ташкил этганди. Бу кўрсаткич 2022 йилнинг шу даврига нисбатан 13,1 промиллига тенг бўлган. Хусусан, Сирдарё вилоятида кўрсаткич 11,6 промиллидан 45,6 промиллига ошган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилда Кения пойтахти Найроби шаҳрида ўтказилган анжуманда Ўзбекистон 2030 йилгача оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олганди.

Шавкат Мирзиёевнинг 2023 йилдаги президент сайлови дастурида эса 2030 йилга қадар оналар ва болалар ўлими, шунингдек, болалар ўртасида ирсий касалликларни камида 2 баробарга қисқартириш, онкология, юрак-қон томир, диабет, нафас йўллари ва юқумли касалликлар бўйича эрта ўлимни эса 2,5 баробар камайтириш асосий вазифа бўлиши таъкидланган.