Жаҳон мамлакатлари етакчилари олди олиниши мумкин бўлган оналар ўлими, гендер нотенглиги ва маиший зўравонликни 2030 йилга қадар батамом тугатиш мажбуриятини зиммасига олди.Ўзбекистон ҳукумати ҳам ушбу мажбуриятларни белгиланган муддатда бажаришга аҳд қилган, дея хабар қилди «Газета.uz» мухбири.

12−14 ноябрь кунлари Найроби шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган Аҳоли ва Ривожланиш анжумани 25 йиллиги йиғилиши иштирок этиш учун 100дан ортиқ давлатдан 6000 мингга яқин иштирокчи Кения давлатига етиб келган. Ўзбекистон Сенатининг қўмита раиси Зайниддин Низомхўжаев бошчилигидаги мамлакат делегацияси таркибида Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчиси Ойбек Усмонов, Сенат Халқаро бўлими бошлиғи Афзал Ортиқов, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази раҳбари Диловар Қобулова ҳамда БМТ Аҳолишунослик жамғармасининг (UNFPA) Ўзбекистондаги ваколатхонаси вакиллари Найроби саммитида иштирок этишмоқда.

«Қоҳира анжуманида аёллар ва қизларга эътибор қаратиш глобал ривожланиш кафолатларидан бири сифатида тан олинганди. Бу йўналишда кўп ишларга қўл урилди. Аммо эришилмаган натижа ва марралар бизни кутмоқда. Тугалланмаган ишларни якунлаш, кучли ирода кўрсатиш вақти келди», деди UNFPA ижрочи директори Наталиа Канем саммит очилиш маросимида.

1994 йили 179та давлат вакиллари аёллар саломатлиги, гендер тенглиги ва жинсий саводхонлик, ижтимоий имкониятлардан тенг фойдаланиш каби масалаларда ягона қарорга келганди. Орадан 24 йил ўтиб, жаҳон мамлакатлари ушбу қарорни сиёсий даражада қўллаб- қувватлашга келишиб олган. Найроби саммитида халқлар кўзланган мақсадга эришиш учун сиёсий ирода ва молиявий кўмакни ошириш масалаларига батафсил тўхталиб ўтади.

UNFPA маълумотига кўра, ўтган 25 йилда оналар ва болалар ўлими сезиларли даражада камайди ҳамда сифатли контрацептик хизматлардан фойдаланиш имконияти ошди. Шунга қарамай, тақдим этилаётган имкониятлар Ер юзидаги барча оилалар учун тенг тақсимланмаган. Ҳар куни 800 нафарга яқин ҳомиладор аёл ва болалар турли сабаблар билан вафот этмоқда, 232 миллион аёл ҳомиладорликнинг олдини олишга ҳаракат қилади, аммо замонавий контрацептик хизматлардан фойдалана олмайди. Уларга кўмак бериш учун 68,5 миллиард доллар ажратилиши кўзда тутилган. 2030 йилга қадар эришилиш кутилаётган натижалардан бири — қизларнинг таълим олиш давомийлиги сақлаш ва эрта турмуш ҳолатларини камайтириш. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун 35 миллиард доллар талаб этилади.

Саммитнинг биринчи ишчи кунида Ўзбекистон делегацияси UNFPA ижрочи директори ўринбосари Дереже Вордофе билан учрашди. Делегация раҳбари сенатор Низомхўжаев аҳоли саломатлиги, ижитимоий ривожланиш ва маиший зўравонликка қарши кураш, гендер тенглигини таъминлаш бўйича давлат сиёсатини жаноб Вордофега етказди. Шу билан бирга, UNFPA ижрочи директори ўринбосари Президент Шавкат Мирзиёев сиёсати, қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси ва шу кунгача эришилган натижаларга юксак баҳо берди.