1 февраль куни Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими, тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Термиз шаҳрида ўтказилган бизнес марафон доирасида ёшлар билан учрашиб, уларга тадбиркорликдаги тажрибасидан мисоллар келтирди.

«Раҳматли отам бизнесга киришимдан жуда қўрқарди. „Сен бир кун қамалиб кетасан“, — дерди. Мен бизнесга ёш кирганман, ўша вақтда ҳамма нарса мумкин эмасди, жуда оғир вазиятлар… Нима қилсангиз ҳам, ўша ишни профессионаллик билан қилаверинг», — дея тавсиялар берди у.

Унинг сўзларига кўра, кўпчилик ёшлар унга «Акажон, мен ўқийми ёки бизнес қилайми?» деган савол билан мурожаат қилади.

«Бу — жавоб бериш керак бўлган энг оғир саволлардан биттаси. Бунга нима жавоб бера оласиз? „Ўқиманг, ишга боринг“ десангиз, уларни нотўғри йўлга бошлаб қўйган [бўласиз]. „Ўқигин“ десанг, унинг оиласи яна 5−6 йил азобда яшаши мумкин…», — дейди у.

Собиқ ҳокимнинг фикрича, одам «Агар ишласанг, бу пулни нима қилмоқчисан?» деган саволга жавоб бериши керак. Икки хил жавоб бўлади: баъзилар машина оламан, дейди, чунки унинг ўртоғида машина бор. Ёки «Қизлар эътибор бериши учун чиройли кийиниб юраман», дейишади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев Zoʻr TV телеканалининг «Борига барака» кўрсатуви доирасида ўтказилган тажриба ҳақида гапирди. Мазкур кўрсатувда турли совринлар — гугуртдан тортиб квартира, автомобилгача ўйналади.

«Эксперимент шундай бўлдики, сен машина ютиб олсанг, нима қиласан, деб сўрадик. „Маза қилиб ҳайдайман“ дейишди. „Машинанг бор-ку?“ „Нима қилибди, иккита бўлади“ деб жавоб беришади. Иккинчиси эса агар машина ютиб олса, муаммоларини ҳал қилиш учун сотиб, бир қисмини бизнесга сармоя қилишини айтди. Мана шундай деганлар машина ютиб олди. Иккита машина ҳайдайман деганлар эса ғалаба қозонмай, гугурт билан кетишди», — дейди Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Тадбиркор нима иш қилишдан қатъи назар, ўз олдига аниқ мақсад қўйиб, унга интилиш кераклиги, шунда муваффақиятга эришиш мумкинлигини таъкидлади.

«Менинг бир сирим: ҳеч ким йўқ уйга кириб, туш вақти уч соат ухлайман. Уйғонганимдан кейин ғоялар келади. Ҳеч ким йўқ жойда ухлайман, ҳеч ким билан кўришмайман ва ётиб ухлайман. Озгина уйқу гипнозига киришингиз керак, ҳеч ким билан мулоқот қилмаслик керак, кейин йўлингизни топасиз. Шунинг учун, пулни нимага қараб харажат қилмоқчисиз ва шунга асосланиб бизнес қилишингиз керак», — дейди тадбиркор.

Шунингдек, у Artel компаниясининг бренд амбассадори сифатида нега боксчи Баҳодир Жалолов танлангани ҳақида гапирди.

«Нега кондиционерлар [рекламаси] учун Баҳодир Жалолов танланди? Кондиционернинг пуфлаши кучни билдиради. Яъни Баҳодир Жалолов — куч. Агар мен у ерга чиройли, нимжон, ёш қизни қўйганимда, кондиционерларнинг кучини кўрсатиб бера олмасди», — деб тушунтирди тадбиркор.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев реклама ва ушбу реклама актёрларини танлашда мамлакат, минтақа менталитетига, унинг аҳолисининг хоҳиш-истакларидан келиб чиқиб, мавсумий ва бошқа омилларни ҳисобга олиш кераклигини таъкидлади.

«Ҳудудлардаги кичик ишлаб чиқарувчиларнинг кўнгли тушиб кетаётганидан афсусдаман. Қўрқманг! Товар бу ерда кетмаса, бошқа шаҳарга: Тошкентга, Самарқандга, миллионлаб аҳолиси бор йирик шаҳарларга боринг. Албатта, оладиган одам топилади… Масалан, мен Қорақалпоғистонда чангюткич ишлаб чиқараман, лекин уларнинг бир донасини ҳам Ўзбекистонда сотмайман. Ҳаммасини фақат Россия бозори учун ишлаб чиқараман. Россияда сотиш учун Россияда завод очиш шарт эмас… Қорақалпоғистон орқали Россияга логистика нуқтаи назаридан бориш осонроқ, лекин Тошкентдан йўл узоқроқ. Масалан, ҳар бир юк машинадан 1200 доллардан ютаман», — дейди у.

Тошкент шаҳрининг собиқ ҳокими ўз бизнесини очиш, кенгайтиришни режалаштирган, янги бозор топиш ёки маҳсулотларни илгари суриш истагида бўлган ёшлар вакилларининг саволларига ҳам жавоб берди.

бизнес марафон, жаҳонгир ортиқхўжаев, сурхондарё вилояти

Бизнес-марафонда, шунингдек, Korzinka.uz супермаркетлар тармоғи асосчиси Зафар Ҳошимов, M-Faktor, DDdeli ва EduOn лойиҳалари асосчиси Хусан Мамасаидов, SAP савдо директори, Top Contact Center ва BookCafe асосчиси Лазиз Адхамов, Biznes-spiker ва Cambridge ўқув марказлари асосчиси Умид Ишмуҳаммедов, Yevropol ва Alibazar компаниялари асосчиси Алишер Авазовлар ҳам иштирок этди.

Сурхондарё ҳокимлиги йиғилишнинг тўлиқ видеосини YouTube`да эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳонгир Ортиқхўжаев етти компания, жумладан, Magic City парки ва Mediapark савдо дўконлари тармоғини сотганини айтганди. «Газета.uz» очиқ маълумотларга асосланиб, айни пайтда ушбу компаниялар кимга тегишли эканини ўрганиб чиққан.