Шавкат Мирзиёев 1 февраль куни 21 моддадан иборат «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни имзолади. Ҳужжат матни Қонунчилик маълумотлари миллий базасига жойланди.

Қонун билан педагогларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, фаолиятининг асосий кафолатлари, меҳнатига яраша ҳақ тўлаш, рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоя қилиш тамойиллари белгиланди.

Ҳужжатда педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлиши қатъий белгилаб қўйилди.

Мазкур қонунга кўра, педагогни касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, шу жумладан, ҳудудларни ободонлаштиришга ва қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш тақиқланади. Шунингдек, педагогдан унинг касбий мажбуриятларига тааллуқли бўлмаган ҳисоботларни ва бошқа маълумотларни, жумладан, битирувчиларнинг бандлиги таъминлангани ҳақидаги ҳисоботларни шакллантиришини ва тақдим этишини талаб қилиш ман этилади.

Бундан ташқари, педагогнинг зиммасига товар ва хизматларни сотиб олиш мажбуриятини юклаш, хусусан, иш ҳақидан унинг ёзма розилигисиз товар ва хизматлар учун маблағ ушлаб қолиш мумкин эмас.

Педагогик фаолият билан шуғулланишни чеклаш

Янги қонунга кўра, қуйидаги шахсларнинг педагогик фаолият билан шуғулланишига йўл қўйилмайди:

  • қонуний кучга кирган суд ҳукмига мувофиқ педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар;
  • қонунчиликда белгиланган тартибда суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
  • педагогик фаолиятни амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлари бўлган шахслар;
  • психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар.

Қасддан содир этилган жиноят учун илгари судланган шахсларни педагогик фаолият билан боғлиқ лавозимларга қабул қилиш ман этилади.

Бошқа ўзгаришлар

Қонун билан, умумий ўрта таълим ташкилотида илк бор касбий фаолиятини бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига мураббийликни амалга ошириш учун тажрибали педагог бириктирилади.

Шунингдек, педагоглар судга шикоят қилганда давлат божи тўламайди. Шу тариқа, «Давлат божи тўғрисида»ги қонунга қуйидаги қўшимчалар киритилди:

  • Педагог ходимлар — касбий фаолиятини амалга ошириш давомида ўз шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсини ҳимоя қилиш билан боғлиқ ишлар юзасидан Фуқаролик ишлари бўйича судларда давлат божини тўлашдан озод қилинади.
  • Улар касбий фаолиятини амалга ошириш давомида педагог ходимларнинг ҳуқуқларини бузаётган давлат органларининг ғайриқонуний қарорлари, мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан Маъмурий судларга шикоят қилганда давлат божини тўлашдан озод қилинади.

«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 1 августда қабул қилинганди. Сенат эса уни 29 сентябрда маъқуллаган.

Эслатиб ўтамиз, ушбу қонун лойиҳаси биринчи бор 2020 йил ноябрь ойида тақдим этилганди, бироқ 2023 йил 2 май кундаги мажлисда унда келтирилган қуйидаги таклифлар янграмаган:

  • педагогларнинг пенсия ёши беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиши;
  • педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар тўлаш;
  • Олий маълумотга эга бўлмаган, аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимни кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари ОТМнинг педагогика йўналишига [сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли] суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш.