«Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳаси биринчи бор 2020 йил ноябрь ойида тақдим этилганди, бироқ 2 май кундаги мажлисда унда келтирилган қуйидаги таклифлар янграмаганди:

  • педагогларнинг пенсия ёши беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиши;
  • педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар тўлаш;
  • Олий маълумотга эга бўлмаган аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимни — кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари ОТМнинг педагогика йўналишига [сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли] суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш.

2 май кунги мажлисда айрим депутатлар ушбу қонун лойиҳасини яна ҳам такомиллаштириш кераклигини қайд этганди ва иккинчи ўқишгача лойиҳани такомиллаштириш вазифаси қўйилганди. 1 август кунидаги мажлисда қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда кўриб чиқилди.

Ушбу қонунда педагог тушунчаси, педагогнинг мақоми, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда педагог фаолиятининг асосий кафолатлари белгиланган. Хусусан, лойиҳада қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • педагог ходимларининг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш;
  • педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;
  • илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш;
  • давлат таълим ташкилотларида илмий фаолият билан шуғулланган педагогнинг базавий лавозим маошига тўланадиган устаманинг миқдорларини қонун даражасида белгилаш;
  • давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагоглар давлат томонидан ўқув қўлланмалар, бирламчи ўқув-услубий материаллар ва ўқув қуроллари билан бепул таъминлаш;
  • педагогик фаолият билан шуғулланишга йўл қўйилмайдиган шахслар тоифаларини белгилаш;
  • давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимларни давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш;
  • педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиш.

Қонунда ўзгартиришлардан бири шундаки, биринчи ўқишда кўриб чиқилган лойиҳанинг 2-моддасига кўра, қонун асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга ва ҳарбий таълим муассасаларида педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгиланганди. Энди ушбу модда ўзгартирилиб, педагоглик мақоми ушбу шахсларга ҳам тегишли экани белгиланди.

Қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.