Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар томонидан «Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида»ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасида қуйидагилар таклиф этилмоқда:

  • педагогнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўси давлат ҳимояси остида бўлишини кафолатлаш мақсадида шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ва мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этиш;
  • педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилишни тақиқлаш;
  • илк бор касбий фаолият бошлаётган шахсга бир ўқув йили даврига ўқитувчи-мураббийликни амалга оширувчи педагог ходимни бириктириш;
  • давлат таълим ташкилотларида фаолият юритаётган педагог ходимлар давлат соғлиқни сақлаш муассасаларида мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтиши;
  • педагог ходимнинг касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмлаш давлат томонидан таъминланиши;
  • ўқув қуроллари билан бепул таъминлаш;
  • эллик олти иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил бериш.

Ушбу қонун лойиҳаси биринчи бор 2020 йил ноябрь ойида тақдим этилганди, бироқ 2 май кундаги мажлисда унда келтирилган қуйидаги таклифлар янграмади:

  • педагогларнинг пенсия ёши беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиши;
  • педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар тўлаш;
  • Олий маълумотга эга бўлмаган аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходимни — кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари ОТМнинг педагогика йўналишига [сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли] суҳбат асосида ўқишга қабул қилиш.

Мажлисда айрим депутатлар ушбу қонун лойиҳасини яна ҳам такомиллаштириш кераклигини қайд этди.

педагоглар, қонунчилик палатаси

Хусусан, «Адолат» СДП фракцияси аъзоси Гулбаҳор Саидғаниева қонунни қўллаш соҳаси бўйича эътироз билдириб, қонун асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан ҳам татбиқ этилиши кераклигини айтди. Лойиҳанинг 2-моддасига кўра, қонун асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга ва ҳарбий таълим муассасаларида педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилмайди.

Депутатнинг фикрича, шу моддада кўзда тутилган банд сабаб асосий иш фаолиятидан ташқари педагогик фаолият билан шуғулланувчи шахслар бир қанча ҳуқуқдан (кутубхонадан бепул фойдаланиш, таълим олувчиларни мустақил баҳолаш, фанга инновация олиб кириш) фойдалана олмаслиги мумкин.

педагоглар, қонунчилик палатаси

Бундан ташқари, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Зафар Худойбердиев қонун номини қайта кўриб чиқиш ҳақида фикр билдирди. Унинг, қайд этишича, 1-май куни қабул қилинган янги Конституциянинг 52-моддасида педагог ходимни эмас, ўқитувчининг шаъни ва қадр-қиммати давлат томонидан ҳимоя қилиниши келтириб ўтилган.

«Педагог ходим ва ўқитувчи тўғрисидаги тушунчаларда анчагина фарқ бор. МДҲ модель қонунининг номи ҳам «Ўқитувчи мақоми тўғрисида, Хитой ва Қирғизистонда ҳам «Ўқитувчининг мақоми тўғрисида». Биз нега айнан педагог мақоми тўғрисида деяпмиз. Бу янгиланган Конституциямизга зид эмасми? Ҳозирги ҳолатда буни Конституцияга мослаб киритилиши мақсадга мувофиқ бўлар эди», — дейди Худойбердиев.

Шунингдек, депутат қонун қабул қилинса давлат бюджетидан қанча маблағ жалб қилиниши ҳақида савол берди.

Депутатнинг саволларига Адлия вазирлиги вакили жавоб бериб, қонун номидаги педагог сўзи кенг маънода эканлиги, таълим соҳасининг барча жабҳаларида фаолият юритаётган ходимларни англатишини айтди. Унинг қўшимча қилишича, бу норма Конституцияга зид эмас.

Вазирлик вакили давлат бюджетидан талаб қиладиган маблағлар ҳисобини қонун лойиҳасининг иккинчи ўқишида маълум қилинишини айтди.

педагоглар, қонунчилик палатаси

Шунингдек, ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Умидахон Зокирова қонун лойиҳасида педагогларнинг қадр-қиммати айнан қандай равишда оширилиши ҳақида кўрсатиб ўтилмаганини айтди.

«Педагогларнинг мавқейини ошириш учун унга имтиёзлар берилиши керак, лекин, бу ерда (қонун лойиҳасида) имтиёзлар кўрмаяпман. Биронта уни ҳимоя қиладиган нарса тополмаяпман. 25-моддада ҳам ҳозирда (қонунчиликда) бор нарсалар ёзилган. Педагог ходимларнинг соғлиғини ҳимоя қилишда бу лойиҳада фақат мажбурий тиббий кўрикдан бепул ўтказиш кўзда тутилган. Аслини олганда ўқитувчини бир йилда бир марта мажбурий даволантириш керак. Уни даволантирмаганимиз учун асабий, ўқувчини уриб қўяётган ҳолатлар келиб чиқяпти. Шунинг учун (қонун лойиҳасини) бироз ўзгартириш керак, имтиёзлар киритиш керак, деб ўйлайман», — деди депутат.

педагоглар, қонунчилик палатаси

«Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзоси Жаҳонгир Мамажонов ҳам Умидахон Зокированинг фикрларини қўллаб қувватлади.

«Мана ҳозир таълим борасида Финляндия тажрибасини ўрганяпмиз, дейиляпти. Лекин, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Финляндия тажрибаси ўрганилгани ёзилмаган. Шунингдек, касбий фаолият юритувчиларнинг мақоми тўғрисида бир қанча — депутат мақоми, судьялар мақоми, қутқарувчи хизмати ва қутқарувчилар мақоми тўғрисида қонунлар бор экан. Уларнинг барчасига жуда катта имтиёзлар берилган. Лекин ҳозирда кўриб чиқаётган қонунимизда ҳеч қандай имтиёзлар кўринмаяпти. Қўпол қилиб айтганда, қоғоз-қалам билан таъминланади деяпмиз, лекин жуда бунчалик бўлмаса керак. Қонунни кучайтириш керак деган таклифни киритмоқчиман», — дейди депутат.

Шунингдек, «Миллий тикланиш» демократик партияси фракциясининг яна бир аъзоси Аҳмаджон Ғаниев катта стажга эга бўлган педагоглар пенсияга чиқишига имтиёз бериш кераклигини таклиф этди.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқишда концептуал тартибда қабул қилинди. Иккинчи ўқишгача лойиҳани такомиллаштириш вазифаси қўйилди.