Адлия ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан «Педагог ходимнинг мақоми тўғрисида"ги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Лойиҳага мувофиқ, педагог ходимни лавозим мажбурияти ва касбий фаолияти билан боғлиқ бўлмаган ишларга, йиғилишлар ва бошқа тадбирларга жалб қилиш тақиқланади ҳамда уни мажбурий меҳнатга жалб қилган шахслар жавобгарликка тортилади.

Педагогларнинг шаъни, қадр-қимматини ҳимоя қилиш масаласида ҳамда мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари устидан судга мурожаат қилганида давлат божини тўлашдан озод этилади.

Қонун лойиҳаси қабул қилинса, давлат таълим ташкилоти педагог ходимининг базавий лавозим маоши базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан [2 230 000 cўм — таҳр.] кам бўлиши мумкин эмаслиги белгиланади.

Бундан ташқагри, чет тили ва фанларни билиш бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга шу бўйича таълим берувчи педагогларга, базавий лавозим маошининг [БЛМ] 50 фоизи миқдорида ҳар ойлик устамалар тўланиши кутилмоқда.

Илмий-педагогик ва меҳнат фаолияти билан шуғулланувчиларга БЛМга қуйидаги миқдорларда ҳар ойлик устама тўланади:

  • PhD ёки унга тенглаштирилган даражалар, доцент илмий унвонига эга шахслар учун — камида БЛМнинг 30 фоизи;
  • Doctor of Science ёки унга тенглаштирилган даража, профессор илмий унвонига эга шахслар учун — камида БЛМнинг 60 фоизи.

Малака тоифасига эга педагог ходимларга қуйидагича базавий лавозим маоши миқдорларида ҳар ойлик устама тўланади:

  • иккинчи малака тоифаси (катта ўқитувчи лавозими) учун — камида 20 фоизи;
  • биринчи малака тоифаси (етакчи ўқитувчи лавозими) учун — камида 30 фоизи;
  • олий малака тоифаси (бош ўқитувчи лавозими) учун — камида 50 фоизи.

Ходимга 56 иш кунидан иборат йиллик ҳақ тўланадиган узайтирилган таътил, шунингдек, таътил берилганида, календарь йилида бир марта базавий лавозим маоши миқдорида соғлиғини тиклаш учун моддий ёрдам берилиши мумкин. Бундан ташқари, педагогларнинг пенсия ёши беш йилга қисқартирилган ҳолда имтиёзли пенсия олиши белгиланиши мумкин.

Қонун лойиҳасига кўра, педагог ходимнинг таълим соҳасидаги кўп йиллик хизматлари учун ҳар ойлик базавий лавозим маошига устамалар иш стажига мутаносиб равишда тўланади:

  • 5 йилдан 10 йилгача — базавий лавозим маошининг 15 фоизи;
  • 10 йилдан 20 йилгача — базавий лавозим маошининг 30 фоизи;
  • 20 йил ва ундан ортиғига — базавий лавозим маошининг 40 фоизи.

Шунингдек, қонун лойиҳаси қабул қилинса, педагоглар касбий фаолияти давомида юқумли касалликларга қарши бепул профилактик эмланади ва 15 йил иш стажига эга ходимга йилда бир марта тиббий хулосага асосан давлат соғломлаштириш муассасаларида соғлиғини тиклаш учун бепул йўлланма бериш кафолатланади.

Олий маълумотга эга бўлмаган аммо таълим ташкилотларида камида беш йил иш стажига эга педагог ходим — кириш тест синовларисиз, тўлов-контракт асосида ва қабул параметрларидан ташқари ОТМнинг педагогика йўналишига [сиртқи, кечки ва масофавий таълим шакли] суҳбат асосида ўқишга қабул қилинади.

Қонун лойиҳаси юзасидан жамоатчилик муҳокамаси 13 декабрга қадар давом этади.