Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили Жозеп Боррель Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқаларига бағишланган Global Gateway Инвесторлар форумининг очилиш маросимида сўзга чиқиб, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ҳукуматлари делегацияларини қутлади.

Жозеп Боррелнинг сўзларига кўра, Европа ва Марказий Осиёда нотинчлик сақланиб қолмоқда. Мамлакатлар коронавирус пандемияси билан курашдан сўнг, янги инқирозларга дуч келган. Улар орасида Афғонистондаги ҳукумат алмашинуви, Россиянинг Украинага босқини ва Ғазо секторидаги уруш бор.

«Ҳар қайси давлатнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги шубҳасиз бўлиши керак ва биз „кучлилар ҳуқуқлари“ ҳукмронлик қиладиган ва қудратли давлатлар чегараларини бир томонлама ўзгартириши мумкин бўлган дунёга қайтишдан қочишимиз керак. Биз биламизки, бу тамойилларни ҳимоя қилиш учун Европа Иттифоқи Россияга нисбатан жиддий санкциялар киритди, бу эса унинг ҳарбий машинасини сезиларли даражада заифлаштирди. Аммо, шунга қарамай, уруш давом этмоқда. Айтишимиз мумкинки, ундаги шиддат ошиб бормоқда ва биз туннел охиридаги ёруғликни кўрмаяпмиз», — деди у.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили санкциялар янада самарали бўлиши учун ЕИ ва унинг ҳамкорлари ўртасида ҳар томонлама ҳамкорлик бўлиши зарурлигини таъкидлади.

«Биз ўзимиз ва Марказий Осиё давлатлари, шунингдек, улар ва Россия ўртасидаги савдо алоқаларини диққат билан кузатиб борамиз. Биз қайси механизмлар санкцияларни четлаб ўтишга имкон беришини таҳлил қилишга ҳаракат қиляпмиз. Бу борадаги ҳамкорликни кенгайтиришимиз керак, чунки глобал муаммоларни ҳал қилиш учун бизга кучли шерик керак. Яқиндан ҳамкорлик эса Global Gateway`нинг асосий мақсади ҳисобланади», — деди Жозеп Боррель.

Европа дипломатияси раҳбари ҳудудларнинг алоқадорлигини ошириш учун инфратузилма яратиш зарурлигини айтди. Буларнинг барчаси, унинг айтишича, иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, қолаверса, бир хил қадриятларни ҳимоя қилиш орқали ҳамкорликни кенгайтирувчи ҳамда фаровон келажакни таъминловчи сиёсий мақсадга хизмат қилади.

«Ушбу жуда мураккаб геосиёсий шароитда Марказий Осиё бизнинг энг муҳим ҳамкоримизга айланди. Тўрт йил олдин, [лавозимга тайинлангач] Брюсселга келганимда, Марказий Осиё аллақаердаги чекка ҳудуд бўлиб туюлганди, ҳозир эса сиз ҳамма нарсанинг марказидасиз. Сиз Европа ва Осиё ўртасидаги тамал тошисиз. Европа ва Осиё ўртасидаги барча муҳим нарсалар сиздан ўтади. Шунинг учун ҳам ҳамкорлик биз учун жуда муҳим», — деди Жозеп Боррель.

Дипломатнинг қўшимча қилишича, хавфсизлик ва коммуникациялар, энергия ва ресурсларни диверсификация қилиш нуқтаи назаридан шерикликни иқтисодий хавфсизликни оширадиган тарзда мустаҳкамлаш зарур. «Бу икки сўз — иқтисодиёт ва хавфсизлик — энди бир-бирига яқин бўлади. Иқтисодиёт ҳақида гапирганда, биз тобора хавфсизлик жиҳатига эътибор қаратишимиз керак. Хавфсизлик ҳақида гапирадиган бўлсак, бунга иқтисод призмасидан қарашга тўғри келади», — деди у.

2023 йил октябрь ойида Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари минтақалараро сиёсий мулоқот, савдо, энергетика ва хавфсизлик каби соҳаларда алоқаларни чуқурлаштириш бўйича йўл харитасини тасдиқлаганди.

Европа дипломатияси раҳбарининг сўзларига кўра, ҳақиқий ҳамкорликни ўрнатиш учун фақат ҳукумат амалдорлари ўртасидаги келишувлар етарли эмас, одамлар ўртасидаги алоқалар ҳам муҳим.

«Охир-оқибат, агар одамларни боғламасангиз, ҳақиқий ҳамкорликни қура олмайсиз. Ҳукуматлар ва расмийлар ўртасида етарлича учрашувлар ўтказилмаяпти. Юқори даражада имзоланган келишувлар етарли эмас. Бир-биримизни яхшироқ билишимиз учун одамлар ўртасида [алоқа] керак. Ва бугунги учрашув йўл харитасида белгиланган ва ҳозир амалга ошаётган 80 та аниқ чора-тадбирлардан биридир», — дея таъкидлади у.

«Кейинги қадам шу йил охирида бўлиб ўтадиган [Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги] биринчи [тўлиқ форматдаги] саммит бўлади, уни Ўзбекистон мамнуният билан ташкил қилади (саммит шу йилнинг баҳорида бўлиши кутилмоқда — таҳр.). Ўйлайманки, бу муносабатларимиздаги яна бир муҳим қадам бўлади», — деди Жозеп Боррель.

Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича олий вакили «ўтмишдаги қарамликни енгиб ўтишимиз учун» Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги амалий алоқаларга кўпроқ сармоя киритиш ҳамда транспорт, энергия ва таъминот занжирлари учун янги муқобилларни топиш кераклигини айтди.

«Биз чегараларни енгиб ўтишимиз керак, нариги тарафдаги одамлар билан алоқада бўлиш учун чегаралардан ташқарига чиқишимиз керак. Уларни шаффоф қилишимиз керак. Чегаралар бўлсин, аммо биз уларни кўрмайлик. Европа Иттифоқида айнан шу нарса бўлмоқда. […] Бугун сиз Гибралтардан Ҳельсинкига боришда кўплаб чегараларни кўрмайсиз. Тўхташингиз шарт эмас. Ҳеч ким: „Сиз кимсиз? Қаерга кетяпсиз? Чамадонингизни очинг, қоғозларингизни кўрсатинг“ демайди — бу ғайриоддий ҳолат. Чегаралар мавжудлигича қолади, лекин сиз уларни кўрмайсиз. Саёҳат ва алмашинув анча осон ва фойдалироқ бўлади. Бу — чегараларни шаффоф қилиш бутун дунё қила оладиган нарса, шунда одамлар, товарлар ва хизматлар бир мамлакатдан бошқасига имкон қадар осон ўтиши мумкин», — деди Жозеп Боррель.

Инвесторлар форуми айни шу мақсадга хизмат қилади, деди у. «Шунинг учун ҳам биз шу ердамиз: буни ҳақиқатга айлантира оладиган молиявий ресурсларни излаш учун. Минтақанинг қиёфасини ўзгартириш, Хитойга йўлда Туркия, Жанубий Кавказ, Европа каби бошқа минтақалар чегараларига уланиш учун. Бу Европага ҳам, Марказий Осиёга ҳам барқарорликни мустаҳкамлаш, сиёсий ва иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш учун ечим ҳисобланади», — дея хулоса қилди Европа Иттифоқи вакили.

Аввалроқ хабар берилганидек, Европа ва халқаро молия институтлари Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги барқарор транспорт алоқалари учун 10 миллиард евро ажратади. Инвестициялар Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантиришга йўналтирилади, шунда у орқали юк 15 кун ичида ўтишига эришилади.

Форум доирасида Жозеп Боррель Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев билан учрашди. Томонлар «жуда мазмунли музокара» ўтказди ва Европа Иттифоқи — Марказий Осиё биринчи саммитига тайёргарлик кўриш, ҳамкорликни кенгайтириш йўллари, шу жумладан, савдо, алоқа ва муҳим хомашё масалаларини муҳокама қилди, деб ёзди Европа дипломатияси раҳбари X ижтимоий тармоғида.