29 январь куни Брюсселда Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги транспорт алоқалари бўйича Global Gateway Инвесторлар форуми очилди, у икки кун давом этади, деб хабар қилди Еврокомиссия матбуот хизмати.

Тадбирда Ўзбекистон бош вазири ўринбосари Жамшид Ходжаев, Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари Бакит Торобоев, Қозоғистон ва Тожикистон транспорт вазирлари Марат Карабаев ва Азим Иброҳим, Туркманистон транспорт ва коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Ботир Аннаев бошчилигидаги Марказий Осиё давлатлари ҳукуматлари делегациялари иштирок этмоқда.

Форумда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррель ҳам қатнашмоқда.

Форумни очар экан, Еврокомиссия ижрочи вице-президенти Валдис Домбровскис форумда иштирок этаётган Европа ва халқаро молия институтлари Марказий Осиёда барқарор транспорт алоқасини қўллаб-қувватлаш ва сармоя киритиш учун 10 миллиард евро ажратишини маълум қилди. Икки кун давомида иштирокчилар Транскаспий транспорт йўлагини Европа ва Марказий Осиёни боғловчи самарали мультимодал йўналишга айлантирувчи инвестицияларни муҳокама қилади. Томонлар юкларнинг ушбу йўлак орқали 15 кун ичида ўтишини таъминлаш ниятида.

Ўрта йўлак деб ҳам аталадиган Транскаспий транспорт йўлаги Осиё давлатларини Каспий денгизи орқали Европа давлатлари билан боғлайди ва, хусусан, Хитой, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия ва Туркия орқали ўтади. Бу йўналиш Россия, Беларус ва Полша ҳудудидан ўтувчи қуруқлик йўналишларига муқобил ҳисобланади.

«Россиянинг Украинага босқини Европа ва Осиё ўртасида Россия орқали ўтмайдиган муқобил, ишончли ва самарали савдо йўлларини топиш зарурлигини кўрсатди. Янги бизнес имкониятларини очишдан ташқари, транспорт алоқасини ривожлантириш Марказий Осиёда минтақавий интеграцияни мустаҳкамлаш ва иқтисодий ривожланиш воситаси ҳам ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Инвесторлар форуми барқарор ривожланишнинг барча жиҳатлари ва Global Gateway`нинг ишончли коммуникациялари тамойилларига мос келадиган транспорт алоқаларига эътибор қаратмоқда», — дейилади ЕИ хабарида.

10 миллиард евролик мажбурият — жорий ва режалаштирилган инвестициялар йиғиндиси бўлиб, форумда иштирок этаётган халқаро ҳамкорлар билан маслаҳатлашувлардан сўнг Европа Комиссияси маблағни қисқа муддатда Марказий Осиёда транспортни барқарор ривожлантириш учун сафарбар этиши кутилмоқда.

Форумнинг биринчи кунида умумий суммаси 10 миллиард евро бўлган бир қанча мажбуриятлар қабул қилинди. Европа инвестиция банки (ЕИБ) вице-президенти Тереза Червиньска Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари ҳамда Қозоғистон Тараққиёт банки билан умумий қиймати 1,47 миллиард евролик англашув меморандумларини имзолади. Ушбу кредитлар Европа Комиссияси томонидан тақдим этилган кафолатлар туфайли амалга оширилади, дейилади баёнотда.

Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) ўзининг вице-президенти Марк Боуман орқали Қозоғистон билан 1,5 миллиард евролик инвестиция портфелига эга бўлган ўзаро англашув меморандумини имзолаши кутилмоқда, бу орқали Марказий Осиё минтақасида транспорт алоқаларини ривожлантириш лойиҳалари ҳозирданоқ бошланмоқда.

«Инвестор форуми Европа ва Марказий Осиёни тез, хавфсиз ва барқарор тарзда боғлайдиган Транскаспий транспорт йўлаги бўйича ишларни бошлаш учун ҳар икки минтақа давлат ва хусусий инвесторларини бирлаштирган Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ҳамкорлигидаги муҳим босқичдир. Бу улкан транспорт тармоғи иқтисодий ўсишга, маҳаллий иш ўринлари яратишга ва минтақавий интеграцияга ҳисса қўшади», — деди Европа Комиссияси вице-президенти Маргаритис Схинас.

«Бугунги қийинчиликларга жавоб беришга тайёр бўлиш учун Европа ҳам, Марказий Осиё ҳам ўз барқарорлигини кучайтириши, сиёсий ва иқтисодий муносабатларини диверсификация қилиши керак. Бугунги инвесторлар форуми бу йўналишдаги муҳим қадамдир», — деди Жозеп Боррель.