25 октябрь куни Брюсселда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов ва Еврокомиссия раиси ўринбосари Валдис Домбровскис «Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги, айниқса, иқтисодий йўналишда тобора мустаҳкамланиб бораётган ҳамкорликнинг кенг кун тартиби» муҳокама қилди, дея хабар берилди ТИВ раҳбарининг Telegram-каналида.

«Ўзаро савдони янада ривожлантириш, Европа бозорига экспорт кўрсаткичларини ошириш, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишини қўллаб-қувватлаш, муҳим хомашёлар бўйича ҳамкорлик қилиш муҳокамамизнинг асосий мавзуларидан бўлди», — дейилади хабарда.

Томонлар, шунингдек, қишлоқ хўжалигида лойиҳа амалга ошириш бўйича молиявий битим ҳам имзолади.

Ушбу учрашувдан сўнг Европа Иттифоқининг Global Gateway ташаббуслар сайтида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи хомашё соҳасида шериклик бўйича стратегик иттифоқ тузаётгани хабар қилинди. Томонлар муҳим хомашё (CRM) соҳасида англашув меморандуми устида ишлашга келишиб олди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Муҳим хомашё клуби (CRM Club)га аъзо бўлишини тасдиқлади.

Муҳим хомашёлар Европа Иттифоқи учун катта иқтисодий аҳамиятга эга, бироқ конларнинг тўйинганлик даражаси (концентрацияси) ва муқобил ўринбосарлари йўқлиги сабабли уларни етказиб беришда узилишлар хавфи юқори бўлган фойдали қазилмалар.

Бу хом ашёларга 34 турдаги металлар, минераллар ва бошқа табиий материаллар киради, улардан 17 таси: мис, литий, алюминий, титан, платина, графит, никель, кобальт ва бошқалар стратегик аҳамиятга эга.

Март ойида Европа Комиссияси Европа Иттифоқи мамлакатлари учун Иттифоқни кенг кўламли иқтисодий тармоқлар, жумладан, иқлимга безарар саноат, рақамли технологиялар, аэрокосмик ва мудофаа учун зарур бўлган муҳим хомашё билан таъминлаш стратегиясини таклиф қилди.

Global Gateway хабарида Ўзбекистонда кумуш, титан ва литий каби турли хомашёларнинг катта захиралари мавжудлиги қайд этилган. Бундан ташқари, мамлакат уран етказиб бериш бўйича дунёда бешинчи, тасдиқланган мис захиралари бўйича дунёда ўн биринчи ўринда туради. «Бу [Ўзбекистонни] муҳим хомашё бўйича жаҳон бозорида муҳим ўйинчига айлантиради», — дейилади хабарда.

«Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасида эҳтимолий стратегик шериклик жараёнини очиб берувчи ЕИ ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш тўғрисидаги эълонни олқишлайман. Ўзбекистон, шунингдек, CRM Club — аввалроқ, жорий йилда ишга туширилган ташаббусга ҳам қўшилади. Ҳамкорлигимизни кенгайтириш яшил ва рақамли технологияларга ўтиш учун зарур бўлган экологик тоза хомашё билан таъминлаш бўйича глобал муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради», — деди Валдис Домбровскис.

«Биз [Ўзбекистон билан] ривожланаётган тармоқлар учун барқарор ва хавфсиз таъминот занжирини таъминлашга ёрдам берадиган яқин ҳамкорликни олқишлашдан жуда мамнунмиз. Global Gateway — ўзаро манфаатли ҳамкорлик таклифи: биз маҳаллий даражада юқори қўшимча қиймат яратиш ва ўзбек халқига фойда келтирмоқчимиз. Охир оқибат муҳим хомашё бўйича ўзаро англашув меморандуми имзоланишига олиб келадиган самарали мунозараларни кутиб қоламан», — деди халқаро ҳамкорлик бўйича Европа комиссари Ютта Урпилайнен.

«Бугун биз муҳим икки томонлама ҳужжат — муҳим хомашё соҳасида стратегик ҳамкорлик бўйича англашув меморандуми бўйича музокараларни бошлаймиз. Ишончим комилки, бундай ҳужжатнинг келажакда имзоланиши Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қўшимча суръат бағишлайди. Муҳим хомашё соҳасида стратегик шериклик ҳамкорлигимизнинг энг истиқболли йўналишларидан биридир», — деди Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов.