Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари стратегик шерикликни давом эттириш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш мажбуриятини олди. Бу ҳақда 23 октябрь куни Люксембургда бўлиб ўтган «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» форматидаги вазирларнинг 19-учрашуви якунлари бўйича қабул қилинган қўшма коммюникеда айтилади.

Йиғилишда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари Европа Иттифоқининг барча 27 давлати вакиллари билан илк бор бир вақтнинг ўзида учрашди.

«Бугунги учрашув… минтақаларимиз ўртасидаги умумий қадриятлар ва ўзаро манфаатларга асосланган ҳамкорликнинг янги босқичидан далолат беради. Биз Марказий Осиёдаги ҳамкорларимизнинг ислоҳотларини янада қўллаб-қувватлашга тайёрмиз», — деди Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Хосеп Боррел.

Унинг қўшимча қилишича, Европа Иттифоқи «Россиянинг Украинага қарши босқинчилик уруши оқибатларини, шунингдек, бошқа минтақавий ва глобал муаммоларни енгиш» учун Марказий Осиё давлатлари билан «яқиндан ҳамкорлик қилишда» давом этади.

Вазирлар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш бўйича Қўшма йўл харитасини тасдиқлади. У минтақалараро сиёсий мулоқот ва ҳамкорлик, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, энергетика, иқлимга бетараф иқтисодиёт ва умумий хавфсизлик муаммоларини ҳал қилиш каби муҳим соҳаларни қамраб олади.

Европа Иттифоқи, баёнотда таъкидланганидек, йиғилиш иштирокчиларини Россияга қарши санкцияларнинг 11-тўплами (июнь ойида тасдиқланган — таҳр.) ҳақида маълум қилди ва «Европа Иттифоқи санкциялари контекстида натижага йўналтирилган мулоқот ва ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади».

«Европа Иттифоқи санкцияларни айланиб ўтишнинг олдини олиш муҳимлигини таъкидлади ва иштирокчилар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олдилар», — дейилади ҳужжатда.

Вазирлар, шунингдек, БМТ Низоми ва халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойиллари: барча мамлакатларнинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилиш каби «содиқликларини изҳор қилдилар». «Улар халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилиш ва низоларни ядро қуролидан фойдаланмасдан ёки қўллаш таҳдидисиз тинч йўл билан ҳал этиш зарурлигини таъкидладилар», — дейилади коммуникеда.

Бундан ташқари, вазирлар қонун устуворлиги, демократия, ҳокимиятни тўғри бошқариш, гендер тенглиги ва умуминсоний ҳуқуқлар соҳаларида «тараққиёт муҳимлигини яна бир бор тасдиқладилар». Иштирокчилар оммавий ахборот воситалари ва сўз эркинлигини «кафолатлашнинг аҳамияти», шунингдек, дезинформация ва нафрат сўзларидан ҳимояланиш зарурлигини муҳокама қилдилар, дейилади ҳужжатда.

Учрашувда муҳокама қилинган бошқа мавзулар орасида иқлим, сув, энергетика ва экологик муаммоларни ҳал қилишда Марказий Осиёда минтақалараро ҳамкорликни ривожлантириш, Марказий Осиёнинг Европа Иттифоқи билан таълим соҳасидаги ҳамкорлиги ва Афғонистондаги вазият ҳам ўрин олди.

Вазирлар 2024 йилда Туркманистонда яна учрашишга келишиб олдилар. «Европа Иттифоқи — Марказий Осиё» биринчи саммити ҳам келаси йилнинг иккинчи чорагида Ўзбекистонда ўтказилиши режалаштирилган.

Бундан олдин, 2024-йилнинг 29−30 январь кунлари Брюсселда «Европа Иттифоқи-Марказий Осиё» инвестиция форуми бўлиб ўтади, улар коммуникеда қайд этилганидек, икки ҳудуд ўртасида «барқарор транспорт алоқаларини ривожлантиришдан» манфаатдор бўлган давлат ва хусусий инвесторлар иштирокида ўтказилади.