Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев душанба куни бўлиб ўтган йиғилишда қурилишни «коррупциядан холи соҳага»га айлантириш бўйича чора-тадбирларни маълум қилди, дея қайд этди унинг матбуот котиби Шерзод Асадов.

Шу мақсадида 1 июлдан:

  • қурилишда тузиладиган барча шартномалар рақамлаштирилади;
  • пудратчи ташкилотлар бажарган қурилиш ишлари фақат солиқ органига тақдим этилган электрон ҳисоб-фактурадан келиб чиқиб молиялаштирилади;
  • объектни фойдаланишга қабул қилиш жараёни рақамлаштирилиб, далолатномалар «Шаффоф қурилиш» орқали тасдиқланади;
  • 10 миллиард сўмдан ортиқ лойиҳалар бўйича субпудратчиларни фақат ва фақат «Шаффоф қурилиш» тизими орқали танлаш тартиби йўлга қўйилади. Ушбу тартиб халқаро молия ташкилотлари билан амалга оширилаётган лойиҳаларга ҳам татбиқ этилади;
  • ишлаб чиқарувчи ҳам, қурувчи ҳам, назорат қилувчи ҳам қаерда қайси қурилиш материали қанча пул туришини онлайн кузатиб борадиган тизим бўлади.

Қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида Қурилиш вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиши белгиланди. У:

  • қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг хавфсизлик ва энергия тежамкорликка жавоб беришини, қиймати сунъий ошиб кетмаганини лойиҳачилар билан бирга баҳолаб боради;
  • ҳар йили мактаб, боғча, тиббиёт, йўл, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти каби соҳаларнинг ҳар бирида камида 2−3 тадан намунавий лойиҳалар ишлаб чиқади.

Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.

Мутасаддиларга эскирган 105 та қурилиш нормаларини илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш топширилди.

Бош прокуратурага қурилиш материаллари соҳасида қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказишгача барча жараёнларда яширин иқтисодиётга чек қўйиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Бюджет ҳисобидан қилинадиган барча харидлар Солиқ қўмитасининг «Е-омбор» платформаси орқали амалга ошириладиган тартибни жорий қилиш, қурилиш материаллари классификатори электрон платформасини ишга тушириш юзасидан ҳам топшириқлар берилди.

Давлат раҳбари қурилишдаги мавжуд шароитлар лойиҳачиларни «сояда» ишлашга мажбур қилаётгани, лойиҳа нархини ошириб юбораётгани, коррупция лойиҳани лойиҳалаш, тендер, қурилиш ва лойиҳани қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларни қамраб олганини таъкидлади. Соҳада эндиликда «ресурс усули» ўрнига «ҳажм усули»ни жорий этиш режалаштирилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси 2019 йил 1 августдан капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида тажриба тариқасида бошланган эди. 2020 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу лойиҳани Ўзбекистоннинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилганди.