29 январь куни Шаввкат Мирзиёев вазирлик ва идора раҳбарлари билан йиғилишда уй-жой ва қурилиш соҳасидаги энг долзарб вазифаларни белгилаб берди. Унинг қисқача баёнини давлат раҳбари матбуот котиби ўз расмий саҳифасида эълон қилди.

Келтирилишича, 2024 йилда инвестиция дастури доирасида 1 минг 637 та инфратузилма объектини қуриш белгиланган. Лекин раҳбарлар бюджет маблағларини самарали ишлатиш, қурилишлар сифатини таъминлаш бўйича намунали тизим яратмаган. Қурилишга ажратилган бюджет маблағлари мақсадсиз ишлатилган, талон-торож ва ўғрилик қилинган.

Йиғилишда айрим қурувчи тадбиркорларнинг яширин ишлашига ёки бундай ишлашга мажбур қиладиган шарт-шароитлар борлиги таъкидланди. Бундан ташқари, лойиҳа, тендер, қурилиш ва объектни қабул қилиш билан боғлиқ барча жараёнларда коррупция ҳолатлари учраб турибди.

Эндиликда лойиҳа қилишдан бошлаб, объектни фойдаланишга топширишгача бўлган барча жараёнлар ҳам, уларнинг назорати ҳам янгича ташкил этилади.

2025 йил 1 январдан барча лойиҳа-смета ҳужжатларини тайёрлаш, ишларни амалга ошириш, шунингдек, уларни қабул қилишда «ресурс усули»дан воз кечилиб, «ҳажм усули»га ўтилади. 1 июлдан бу усул йўл, ичимлик суви ва кўприк қурилиши лойиҳаларида жорий қилинади.

Ўзбекистонда амалдаги лойиҳалаш жараёнлари ва қурилиш ишлари «ресурс усули»га асосланган. Унда 1 та объект қуриш учун қанча ишчи керак, қанча ёқилғи ва нечта техника ишлатилади, техниканинг тури қанақа бўлиши керак, деган юзлаб шартлар киритилган. «Ҳажм усули»да эса пудратчидан якуний натижа сўралади. Муҳими, қурувчи объектни ўз вақтида ва сифатли топшириши керак, дейилади хабарда.