Қурилишда лойиҳалаштиришни тартибга солиш мақсадида Қурилиш вазирлигида Лойиҳа офиси тузилиши белгиланди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда маълум қилинди.

Офис:

  • қиймати 10 миллиард сўмдан юқори лойиҳаларни ишлаб чиқиш жараёнида уларнинг хавфсизлик ва энергия тежамкорликка жавоб беришини, қиймати сунъий ошиб кетмаганини лойиҳачилар билан бирга баҳолаб боради;
  • ҳар йили мактаб, боғча, тиббиёт, йўл, ичимлик суви ва иссиқлик таъминоти каби соҳаларнинг ҳар бирида камида 2−3 тадан намунавий лойиҳалар ишлаб чиқади.

Бундан буён, Лойиҳа офисининг тавсияси бўлмаган лойиҳа ҳужжатлари давлат экспертизасига қабул қилинмайди.

Мутасаддиларга эскирган 105 та қурилиш нормаларини илғор хорижий тажриба асосида қайта ишлаб чиқиш топширилди.

Бош прокуратурага қурилиш материаллари соҳасида қазиб олишдан тортиб, тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказишгача барча жараёнларда яширин иқтисодиётга чек қўйиш бўйича тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Бюджет ҳисобидан қилинадиган барча харидлар Солиқ қўмитасининг «Е-омбор» платформаси орқали амалга ошириладиган тартибни жорий қилиш, қурилиш материаллари классификатори электрон платформасини ишга тушириш юзасидан ҳам топшириқлар берилди.